Жамият | 08:12 / 29.07.2020
6983
1 дақиқада ўқилади

Ангор туманида ёқилғи тўлатилган цистерна портлади: бир киши қурбон бўлди

Воқеа 28 июль куни 22:00 лар атрофида маҳаллий корхоналардан бирига тегишли омбор ҳудудида рўй берган, деб ёзади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Маълум қилинишича, 1981 йилда туғилган пайвандчи К.А. дизель ёқилғиси тўлатилган 10 тонналик цистернани пайванд қилиб ямамоқчи бўлади. Хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилмаслик сиғимнинг ёрилишига олиб келади.

Фавқулодда ҳодиса оқибатида фуқаро К.А. воқеа жойида вафот этган, унинг ёнида турган П.К. эса турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига етказилган.

Ёйилган аланга цистерна ёнига тўхтатиб қўйилган Isuzu маркасидаги юк машинаси ҳам ёниб кетишига сабаб бўлган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Воқеадан кўп ўтмасдан ҳодиса юз берган жойга Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг иккита ёнғин-қутқариш экипажи етиб келган ва улар тезкорлик билан ёнғинни ўчирган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид