Ўзбекистон коронавирусга қарши кураш учун 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ олди
Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банки томонидан коронавирусга қарши курашиш учун Ўзбекистонга ажратилган кредитларнинг умумий ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.
Молия вазирлиги Давлат ички ва ташқи қарз департаменти директори Жасур Қаршибоев қарзлар қандай шартлар асосида олинаётгани тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, Жаҳон банки томонидан Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси (2-транш) юзасидан қўшимча молиялаштириш сифатида 200 млн. доллар миқдоридаги имтиёзли кредит 30 йил муддатга (шундан, 5 йил имтиёзли давр) 1,2 фоиз ўзгарувчан ставкада (6 ойлик либор + 0,88 фоиз ўзгарувчан спрэд) ажратилди.
Халқаро валюта жамғармаси томонидан республика иқтисодиётига коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида 375 млн. АҚШ доллари эквивалентида кредит маблағлари ажратилди.
Имтиёзли кредитлар ўз ичига 10 йил муддатга (шундан, 5 йил имтиёзли давр) 125 млн. АҚШ долларига тенг фоизсиз тезкор кредитлаш линияси ва 5 йил муддатга (шундан, 3 йил имтиёзли давр) 250 млн. АҚШ доллари 1,05 фоиз ўзгарувчан ставкадаги тезкор молиялаштириш инструментини олади.
Шунингдек, Осиё тараққиёт банки томонидан 500 млн. АҚШ доллари миқдоридаги бюджетни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит 15 йилга (шундан, 3 йил имтиёзли) 0,84 фоиз ўзгарувчан ставкада (6 ойлик либор + 0,5 фоиз) ажратилди.
Билдирилишича, Инқирозга қарши курашиш жамғармасига халқаро молиявий институтлардан жалб қилинган маблағларни президентнинг ҳамда ҳукуматнинг тегишли фармон, қарор ва кўрсатмаларига асосан ажратилмоқда ҳамда мазкур ажратилган маблағларнинг сарфи бўйича тегишли маълумотлар Молия вазирлиги томонидан мунтазам равишда эълон қилиниб келинмоқда.
Мавзуга оид
17:49 / 14.08.2023
Ўзбекистонда коронавирусга қарши сут сотуви бошланди
18:58 / 06.05.2023
ЖССТ коронавирус ҳеч қачон бутунлай йўқ қилинмаслигини айтди
19:23 / 05.05.2023
ЖССТ коронавирус пандемияси тугаганини эълон қилди
18:19 / 02.05.2023