22:37 / 29.07.2020
6479

Умумий ишсизлик ташвиши: Хитойда ОТМларни тугатган 9 миллион талаба хавотири ҳақида

Пандемия ва унинг ортидан келиб чиққан инқироз туфайли бу йил дунё миқёсида ОТМларни тамомлаб, меҳнат бозорига кириб келган битирувчилар учун яхши иш топиш ҳар доимгидан қийинроқ бўлмоқда. The Diplomat нашри мазкур мавзу юзасидан Хитой ёшлари мисолида сўз юритди.

Фото: CFP

Хитойнинг Чжецзян университети битирувчиси Ху Цисюан олий таълимни тугатгани учун хурсанд бўлса ҳам, ҳаётининг кейинги босқичини тасаввур қила олмаётгани, вирус туфайли вужудга келган ноаниқ вазият туфайли хавотирда қолган.

Бу кайфият фақат Ху учун эмас, балки Хитой ва бутун дунё университетлари битирувчилари учун умумий бўлиб қолмоқда.

Таълимнинг ўзгача якуни

Жорий йилда 9 миллион талаба Хитой ОТМларини тугатди. Улар меҳнат бозорига ўта ноаниқ вазият ҳукмрон бўлиб турган пайтда кириб бормоқдалар. Бундай вазият «Буюк инқироз» давридан бери биринчи марта кузатилмоқда.

Июнь ойининг бошида Хитойнинг турли ҳудудларида, айниқса, Пекинда жойлашган университетлар ўзларининг битирувчи курс талабаларига университет ҳудудига қайтишга рухсат берган эди. Улар бир неча ойлик ижтимоий масофаланиш талабларидан сўнг карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўқув биноларига қайтишган ва дўстлари даврасида бўлишган эди.

Лекин яна янги кейслар аниқлана бошлагач, ҳукумат ҳали университет кампусларига етиб келмаган битирувчи курсларни қайтмаслик тўғрисида огоҳлантирди. Бу эса кўпчилик талабаларнинг кайфиятини туширгани шубҳасиз.

Қисқарган имкониятлар

Бундай кайфиятда ўқишни тугатаётган талабалардан бири, Чжецзян университети талабаси Вейи пандемия таъсирида кўплаб иш берувчилар ўз ходимларини зўрға таъминлаб турган бир пайтда уларнинг янгиларга иш бера олиш имкониятлари кам деб ҳисоблайди. Яна бир битирувчи эса агар имкон бўлса, стажёрлик учун ҳам рози эканини таъкидлаган.

Хитойда иш ўринлари учун талабгорлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Масалан, 2019 йилда давлат ташкилотларидаги 24 мингта бўш иш ўрни учун 1,4 миллион киши курашган. Бунда бир ўрин учун 60 нафар талабгор тўғри келган.

Пандемия юзага чиқарган тенгсизлик

Бундан ташқари, пандемия Хитойда турли ижтимоий муаммоларни кўтарди. Масалан, гендер тенглиги муаммоси ва қизларнинг иш ўринларига қабул қилиниш имкониятининг камроқ экани бунга мисол бўла олади. Битирувчи талаба қизлардан бири бу ҳақида шундай дейди:

«Гуруҳимизда қиз бола талабалардан фақат менинг ҳужжатларим иш берувчилар томонидан қабул қилинган эди. Бироқ улар бироздан сўнг мен ишга кирмоқчи бўлган ўринга фақат магистр даражасига эга бўлганларни оламиз, деб қайтаришди».

Хитойдаги халқаро талабаларни ҳам ўзларининг вазияти ўйлантирмоқда.

Пекин университетининг Huawei’да ишлаш имконини қўлга киритган чет эллик битирувчиси иш ўрнидан айрилиб қолишдан хавотирда.

«Хитой виза тартиби бу ерда ишлашимга таъсир кўрсатишидан хавотирдаман. Айрим дўстларим билан худди шундай бўлди. Мен эса пандемияга қарамай иш топганимдан хурсандман, бироқ талаба визамни ишчи визага ўзгартириш муаммо бўлмасмикан, деган хавотирдаман», – дейди у.

«Ишчи виза олиш муаммо бўлиши мумкин» – хорижлик талабалар

Хитойда талаба визасини ишчи визага алмаштириш учун шахс мамлакатни тарк этиши ва қайтадан Хитой халқаро виза агентлигига мурожаат қилиб, ишчи сифатида мамлакатга кириши зарур. Пандемия эса давлатлараро саёҳатларни қийинлаштириб юборди.

Қиммат нархдаги ва маълум мақсадларда амалга оширилаётган авиақатновларда яна қайтиб келиш учун жой олиш эса муаммо. Хитойга келгандан сўнг мажбурий карантинга олиниш учун тўланадиган харажатлар ҳақида эса айтмаса ҳам бўлади.

Расмий статистика ишсизлик даражаси пасаяётганини кўрсатмоқда

Хитой ҳукумати ҳам ишсизлик кўрсаткичининг юқорилаши ва битирувчиларни иш билан таъминлаш муаммосини ҳал қилиш учун фирмаларга солиқ имтиёзлари берган, турли монетар чоралар кўриб келинмоқда. Шунингдек, Хитой Халқ банки ҳам ўрта муддатли қарз бериш ставкасини 20 бирликка пасайтириб, 2,95 фоизга туширган.

Эътиборлиси, Хитой шаҳарларида ишсизлик кўрсаткичи февралда 6,2 фоиз бўлган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 5,9 фоизга етган. Бу кичик ютуқ, шунингдек Хитойнинг вирус устидан ғалаба қозонаётганини яхши янгилик дейиш мумкин. Эндиликда йил охиригача Хитойда шаҳар аҳолиси ўртасидаги ишсизлик даражаси 10 фоизга чиқади, деган прогнозлар ўзини оқламаслиги эҳтимоли юқори.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top