Ўзбекистон | 00:04 / 30.07.2020
10952
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонга 902 минг долларлик тиббиёт воситалари ва лаборатория жиҳозларини ҳадя қилди

АҚШнинг пандемия даврида Ўзбекистонга кўрсатган ёрдами қиймати 6 млн доллардан ошди.

28 июль куни АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари (CDC) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қиймати 902 000 долларга тенг тиббиёт воситалари ва лаборатория жиҳозларини ҳадя қилди.

Kun.uz`га маълум қилишларича, тақдим этилган воситалар замонавий полимераз занжир реакцияси (ПЗР) ускуналаридан фойдаланган ҳолда 25 000 та COVID-19 тестларини ўтказишга имкон беради.

Ушбу технология одам организмида вирусли ДНК мавжудлигини касаллик белгилари пайдо бўлишидан аввал аниқлайди, бу эса соғлиқни сақлаш муассасаларига беморни жуда эрта изоляция қилиш ҳамда пандемияни тугатиш учун муҳим бўлган юқиш занжирини узишга имкон беради.

«COVID-19 пандемияси – биз учун умумий душман ва умумий жавобгарликдир. Ушбу ёрдам узоқ вақтдан буён АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистоннинг жамоатчилик соғлиғини сақлаш йўлидаги таҳдидларга қарши курашида ёрдам беришга содиқлигига асосланган. Ушбу шериклик эпидемия бошланишидан анча олдин бошланган ва у тугаганидан кейин ҳам давом этади», – дейди АҚШ муваққат ишлар вакили Алан Мельцер.

Мазкур ёрдам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини коронавирусга қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун CDC эълон қилган 2,07 миллион долларнинг бир қисми ҳисобланади.

Таъкидланишича, касаллик авж ола бориши билан CDC Ўзбекистонга шошилинч тиббий ёрдам марказлари ташкил этиш, чегарадан ўтиш жойларида тиббий кўрикни яхшилаш, клиник ва лаборатория назорати, маълумотлар устида ишлаш ва контактлар кузатуви бўйича онлайн маслаҳатлар ҳам бериб борган.

АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали коронавирусга қарши кураш учун тиббий, лаборатория ва техник кўмак сифатида яна қўшимча қарийб 4,2 миллион доллар тақдим этган, бугунги кунгача АҚШнинг бу борада Ўзбекистонга кўрсатган умумий ёрдами 6 миллион доллардан ошган.

Маълумот учун, CDC Марказий Осиё ҳукуматлари билан соғлиқни сақлаш масалалари бўйича узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келади. Марказ минтақадаги илк идорасини 1995 йили Олмаотада очган ва бугунги кунда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда ўз ваколатхоналарига эга.

«CDC касалликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга қарши курашишни яхшироқ амалга ошириш мақсадида ҳар бир мамлакатдаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда маҳаллий лабораториялар, касалликларни назорат қилиш ва ишчи кучини мустаҳкамлаш устида иш олиб боради», – дейилади расмий релизда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид