Ўзбекистон | 22:23 / 30.07.2020
25574
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирус тасдиқланмаган, аммо ўхшаш аломатлардан вафот этганлар статистикасини юритиш таклиф этилди

Махсус комиссияга коронавирус ташхиси қўйилмаган бўлса-да, COVID-19`нинг клиник белгилари билан вафот этган беморларни расмий статистикага киритиш таклифини берилгани маълум қилинди.

Бугун, 30 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда коронавирус ташхиси қўйилмаган бўлса ҳам, унинг клиник белгилари туфайли вафот этаётганлар статистикаси юритилмаётганига изоҳ берилди.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқиловнинг айтишича, айни пайтда фақат ПЗР таҳлили коронавирусни тасдиқлаган беморлар статистикага киритилмоқда. Пневмония туфайли вафот этган, лекин вафотига қадар коронавирус ташхиси қўйилмаган марҳумлар эса статистикага киритилмаяпти.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Анвар Алимов эса ЖССТ аъзо давлатлар билан бир неча бор мулоқот олиб борганини ва унда коронавирус ташхиси қўйилмаган, лекин унинг белгилари билан вафот этган беморларни ҳам коронавирус туфайли вафот этганлар рўйхатига киритиш масаласи кўрилганини маълум қилди.

«Қозоғистон бу тизимга август ойидан ўтишни режалаштирган. Биз ҳам махсус комиссияга ПЗР таҳлили асосида коронавирус ташхиси қўйилмаган бўлса-да, клиник ташхис қўйилган, вафот этган беморларни расмий статистикага киритиш таклифини берганмиз», – деди штаб аъзоси Анвар Алимов.

Расмийларга кўра, Тошкентда 70дан ортиқ оилавий поликлиниканинг 10таси коронавирусга ихтисослашган поликлиникалар сифатида фаолият юритаётгани ўз самарасини бермоқда. Шаҳардаги кунлик мурожаатлар сони 6 мингдан 4,5 мингга камайган.

Мавзуга оид