Жаҳон | 22:49 / 31.07.2020
6055
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий масофа сақлаш натижаси: дунёда мавсумий грипп касаллиги кескин камайди

Глобал миқёсда ижтимоий масофа сақлаш қоидалари амал қилиши туфайли грипп касалликларининг қайд этилиши рекорд даражада камайган. Бу эса карантин тартиблари юқумли касалликларнинг тарқалишини мисли кўрилмаган даражада пасайтирганидан дарак бермоқда.

Фото: REUTERS/Yves Herman

Сўнгги маълумотларнинг тасдиқлашича, Хитойда кенг қамровли карантин чекловлари жорий этилиши мамлакатда қизамиқ, тепки ва айрим юқумли жинсий касалликлар камайишига сабаб бўлган, деб ёзмоқда Reuters.

ХХР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, инфекцион касалликлар бўйича статистик кузатувларда карантин чекловлари амалга киритилган дастлабки даврдан то ҳозиргача бўлган муддатда бундай касалликлар 90 фоизга (290 мингдан 23 мингта ҳолатга) камайганини кўрсатган.

Грипп бўйича Канадада ўтказилган янги тадқиқотлар ҳам мамлакатда грипп кўрсаткичлари кескин камайганини кўрсатган. Худди шу тенденция Буюк Британия ва Австралиянинг сўнгги статистикаларида ҳам акс этган.

«Биз йилнинг шу даврида вирусли инфекцияларнинг энг паст кўрсаткичини кузатяпмиз. Одатда, бу пайтда ва қишда ҳам палаталар нафаси хириллаб қолган болалар билан тўла бўларди. Ҳозир эса улар бўш», – дейди Сидней университети инфекцион касалликлар эксперти Бен Марэ.

Жанубий Кореянинг инфекцион касалликлар портали ўтган ҳафтада эълон қилган маълумотларга кўра, мамлакатда инфекцион касалликлар қайд этилиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 83 фоизга қисқарган.

ЖССТ таҳлилларига кўра, мавсумий грипп ҳар йили 3-5 миллион инсонда оғир ўтади, 500 мингтагача ўлим ҳолати кузатилади.

Хурсанд бўлишга эрта

Гарчи ижобий кўрсаткичлар кузатилиб, грипп инфекцияси ҳолатлари камайган бўлса-да, буни салбий баҳолаётган экспертлар ҳам бор. Таъкидланишича, грипп ҳолатларининг кескин камайиши иммун тизимига салбий таъсир қилиши ва кейинги мавсумлар учун бу яхши бўлмаслиги мумкин.

«Бу мавсумда касаллик камайгани кейинги мавсумларда одамларни таъсирчанроқ қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун бу йўналишдаги кузатувларни эҳтиёткор бўлиб олиб бориш керак», – деб ҳисоблайди Бен Марэ.

Статистика адашаётган бўлиши ҳам мумкин

Бундан ташқари, инфекцион касалликлардаги пасайиш давлатларда статистикага ҳамма ҳолат киритилмай қолаётганини билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

ЖССТ ҳам грипп билан боғлиқ таҳлилларда эҳтиёткор бўлиш кераклигини, пасайиш пандемия туфайли баъзи давлатлар уларнинг статистикасини юритишда қийинчиликларга дуч келаётгани билан ҳам изоҳланиши мумкинлигини айтмоқда.

Қўшимча қилинишича, карантин чекловларининг ОИВ ва силга кўрсатадиган таъсирини баҳолаш ҳам имконсиз бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид