Ўзбекистон | 01:33 / 31.07.2020
7732
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz барча мўмин-мусулмонларни Қурбон ҳайити билан муборакбод этади!

Бугун, 2020 йил 31 июль – 1441 ҳижрий-қамарий йил Зулҳижжа ойининг 10-куни бутун дунё мусулмонлари сингари ўзбекистонлик мўминлар ҳам Ислом оламининг энг йирик байрами – Қурбон ҳайити байрамини нишонлайди.

Аллоҳнинг тақдири экан, бу йилги Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари коронавирус пандемияси боис жорий этилган карантин чоралари кучайтирилган дамларга тўғри келди.

Маълумки, ушбу кунда, фарзандлар ота-оналарини, қариндошлар, мусулмонлар ўзаро бир-бирларини зиёрат қилиб, силаи-раҳм кўрсатиб келишган. Афсуски, бу йил динимизнинг бундай олижаноб урф-одатларини амалга оширишда бирмунча қийинчиликлар вужудга келгани рост.

Шунга қарамай, бундай синовли кунларда теварак-атрофимиздагилар ҳолидан хабар олиш, ёрдамга муҳтожларга бефарқ бўлмаслик, ғамхўрлик қилиш, солиҳ амаллар ва хайр-у эҳсонлардан сўнг, кўпроқ Аллоҳ таолога хайрли дуоларда бўлишни сўраган бўлар эдик. Зотан, бу кунлар ҳам ғанимат, аммо бу кунларда қилинган савобли ва хайрли амаллар охиратда ўзимизга ҳамроҳ бўлиши шубҳасиз.

Қолаверса, турмуши таранглашган ёхуд бемор ҳамюртларимиз чиройли сабрни намойиш этган ҳолда Аллоҳдан ихлос ила дуо талабида бўлсалар, уларнинг дуолари ижобатидан дунё бошига келган ташвишли кунлар тезроқ барҳам топса, жаннатмакон Ўзбекистон ҳам бошқа мамлакатлар сингари тараққиётнинг янги пиллапояларига қадам босса!

Умид қилиб, сўраб қоламизки, Аллоҳ бу балони Ўзи тезда бартараф этсин, келгуси йилги Қурбон ҳайити кунларини барча ватандошлар баҳамжиҳатликда, тан-сиҳатлик билан нишонлаш насиб этсин!

Юртимиз фаровон, қалбимиз Ислом нури билан чароғон бўлсин. Дуоларимиз қабул, ибодатларимиз мақбул бўлсин! Ҳаж ибодати ва Умра зиёратларини амалга оширишлик учун ўртадаги чегаралар очилсин! Омин!

Яна бир бор Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид