Ўзбекистон | 17:54 / 31.07.2020
20567
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга келган 18 нафар америкалик дипломат карантинга жойлаштирилди

Тўртта махсус рейс билан Ўзбекистонга жами 256 нафар йўловчи олиб келинди. 

Фото: Dunyo

Қурбон ҳайитнинг биринчи куни Америка ва Канададан бир гуруҳ ватандошлар махсус рейс билан олиб келинди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Нью-Йоркдан парвоз қилган самолёт Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Америка Қўшма Штатларидаги дипломатик ваколатхона маълумотига кўра, давлат раҳбарининг пандемия даврида чет элдаги юртдошларни ватанга қайтариш тўғрисидаги қарорига биноан, Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти томонидан махсус чартер рейслар ташкил этилмоқда.

Сўнгги тўртта махсус рейс билан Ўзбекистонга жами 256 нафар йўловчи (4 нафари чақалоқ) олиб келинди. Шундан 238 нафари Ўзбекистон фуқароси, 18 нафар эса америкалик дипломат ва уларнинг оила аъзоларидир.

Республика махсус комиссияси жорий қилган тартибга кўра, махсус рейс йўловчилари карантин марказлари ёки ўз танловларига кўра меҳмонхоналарда 10 кунлик карантинда бўлишади. Айни пайтда йўловчиларнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммо йўқ.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонасида ташкил этилган Тезкор штабга март ойидан буён Америка қитъасидаги мамлакатларда қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларидан жами 1 минг 881 та мурожаат келиб тушган. Уларни ватанга қайтариш учун июнь ойидан шу кунга қадар Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти томонидан Нью-Йорк – Тошкент йўналишида ташкил қилинган махсус чартер рейсларда 1 минг 26 нафар инсон Ўзбекистонга қайтарилган.

АҚШдаги дипломатик ваколатхонадан хабар беришларича, 31 июль ҳолатига кўра, яна 815 киши Ўзбекистонга қайтиш истагида. Мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консуллиги фуқаролар билан доимий алоқада бўлиб турибди. Кейинги чартер рейсларда уйга қайтишни истаган йўловчилар рўйхатини шакллантириш ишлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан 16 мартдан бошлаб барча халқаро рейслар, шу жумладан «Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент» йўналишида мунтазам йўловчи қатновлари тўхтатилган.

Вашингтондаги элчихона ва Нью-Йоркдаги консуллик идоралари ватандошларимиздан пандемия пайтида юзага келган вазиятни тўғри тушунишларини сўраган. АҚШ, Канада ва Америка қитъасининг бошқа штатларида истиқомат қилувчи фуқароларга яшаш учун рухсатнома асосида ва Ўзбекистонга сафар қилишни режалаштирганларга сафарни эпидемиологик вазият нормаллашгунга қадар ортга суришлари тавсия қилинган. Агар бунинг иложи бўлмаса, фуқаролар АҚШдан Ўзбекистонга кейинги чартер рейслар учун шакллантирилаётган йўловчилар рўйхатига киритилиши учун элчихона ёки Бош консулликка мурожаат қилишлари зарур.

Мавзуга оид