Бугун ижтимоий тармоқлар аҳолининг ҳокимликлар билан мулоқот қилишлари учун майдон вазифасини ўтамоқда, у ёки бу ҳужжатлар, ҳодисалар ва жараёнлар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишда фойдаланиб келинмоқда. Хусусан, фуқаролар мансабдор шахсларга уларнинг шахсий ва у ишлайдиган давлат органининг саҳифалари орқали мурожаат қилмоқда, ижтимоий-иқтисодий муаммолари бўйича очиқ фикр билдирмоқда, деб ёзади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати.

Қайд этилишича, кўп ҳолларда бу муаммоларга блогерлар, алоҳида интернет-нашрлар, ижтимоий тармоқларнинг минглаб фойдаланувчиларининг фаол фуқаролик позицияси туфайли ўзаро мақбул ечимларни топишга эришилмоқда. Фуқароларнинг фикрлари, конструктив таклифлари, гарчи улар ижтимоий тармоқлар орқали билдирилган бўлса-да, инобатга олинмоқда, бу билан давлат ва жамоатчилик бошқарувида аҳолининг кенг иштироки таъминланмоқда.

Лекин ижтимоий тармоқлардаги мунозаралар ва ижтимоий ҳаёт аралаштириб юборилишининг салбий таъсирлари ҳам бор. Мисол тариқасида популизм, жамоат онгини манипуляция қилиш, “троллар фабрика”си, фейк (ёлғон) хабарлар, инсонларнинг шаъни ва қадр-қимматини, ташкилотларнинг ишчанлик обрўсини қораловчи ахборотларни тарқатиш, интернет-буллинг кабиларни айтиш мумкин.

Рационал аргументлар ҳиссий қолипларга ютқазади

Ёлғон хабарлар ишончли ва объектив ахборотларга қараганда тез тарқалади ва баъзан катта зарар келтиради. Янгиликдек туюладиган ёлғон хабарни тармоқ фойдаланувчилари тезроқ улашишга ҳаракат қилади, бу эса турли-туман миш-мишлар, уйдирмалар, агрессияни келтириб чиқаради, давлат органлари, бизнесга ишончсизлик пайдо қилади. Хабар улашишда биринчи бўлиш амалда қўлланилади: ким биринчи айтган бўлса, у ҳақ. Агарда ёлғон хабар ортидан расман раддия билдирилса, бу одамлар унга ишонди, дегани эмас. Бунда рационал аргументлар ҳиссий қолипларга ютқазади. Британия сиёсатчиси Уинстон Черчиль айтганидек: «Ҳақиқат иштонини кийгунча, ёлғон дунёнинг ярмини айланиб чиқишга улгуради».

Пандемия даврида миш-мишлар ва асоссиз ахборотлар тарқалиши одамлар орасида ваҳима уйғотади. Масалан, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ўғрилар наркотик модда шимдирилган тиббий ниқобларни тарқатаётгани, Ўзбекистон бўйлаб вертолётларда дезинфекция ишлари амалга оширилиши ҳақидаги ёлғон хабарлар, карантин пайтида ҳар бир юртдошларимизга ҳафтасига 300 минг сўмдан берилиши, пандемия сабаб кириш имтиҳонлари бекор қилиниши ва бошқа шу каби миш-мишлар тарқалди. Давлат тузилмалари буларнинг барчасини рад этди ва фуқароларни ёлғон ахборотларни тарқатишдан аввал маълумотларини текширишга чақирди.