«Сенаторлар жамоатчилик эътирозларига эътибор қаратиши лозим» — «Юксалиш» Қонунчилик палатасидан ўтиб кетган қонун лойиҳасининг шов-шувли моддаси ҳақида
Мазкур норма бугунги очиқлик сиёсатига зид экани таъкидланди.
«Юксалиш» ҳаракати ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг тасвирларини уларни «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатганлик учун 15 сутка қамоқ жазоси белгилаш ҳақидаги қонун лойиҳаси атрофидаги вазиятга муносабат билдирди. Ҳаракат бу борадаги эътирозларни асосли деб ҳисоблаган ва бунинг сабабларини келтирган.
«Ички ишлар вазирлиги томонидан киритилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини обрўсизлантириш ёки хақорат қилиш мақсадида фото ва видео тасвирларни интернет ахборот тармоғида жойлаштирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланишга оид норма жамоатчилик орасида кенг муҳокамага ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Жамоатчилик томонидан ушбу норманинг киритилиши бугунги очиқлик сиёсатига зид келиши ҳамда мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатга путур етказиши мумкинлиги таъкидланмоқда. «Юксалиш» ҳаракати мазкур эътирозларни қуйидаги сабабларга кўра асосли деб ҳисоблайди.
Биринчидан, қонунчиликдаги ҳар бир ўзгариш, айниқса, демократиянинг асосий белгилари бўлмиш инсон ҳуқуқлари ва давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигига оид сиёсатга жиддий таъсир кўрсатувчи янги қоидани киритиш маълум бир асосларга эга бўлиш керак.
Яъни бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимларини интернет тармоғида асоссиз обрўсизлантириш ва ҳақоратлаш ҳолатлари жуда кўпайиб кетдими? Агар кўпайган бўлса аниқ рақамлар қанча? Сабаби нимада ва бу каби ҳолатлар тизимнинг соғлом ишлаши учун нечоғлик жиддий таъсир кўрсатмоқда? Албатта, бу саволларга жавоб берилиши лозим.
Иккинчидан, ушбу нормани асослаш учун фуқаролик кодексининг 99-моддаси ва «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 4 ва 28-моддалари асос сифатида келтирилган.
Яъни ушбу моддаларга кўра, шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳамда туғилганидан бошлаб ёки қонунга мувофиқ фуқарога тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлар тортиб олинмайди ва ўзга усул билан бошқа шахсга берилмайди. (99-модда)
Шу билан бирга, субъектнинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот шахсга доир маълумотлар ҳисобланади. (4-модда)
Бироқ, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар учун, аллақачон, қонунчиликда таъсир чоралари белгиланган. Яъни, шахсни ҳақорат қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор, бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасига кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шундай экан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қаратилган алоҳида норма нима учун керак? Бугун давлат бошқарувида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари марказий ўринга қўйилмоқда. Мазкур ғоя янгиланган Конституциянинг бош мезони сифатида «инсон-жамият-давлат» тамойили кўринишида акс этган. Бунинг тескари бўлиши мумкин эмас.
Учинчидан, мазкур нормани татбиқ этишда Буюк Британия, Венгрия, Германия, Франция ва Беларус каби мамлакатлар тажрибаси ўрганилган. Аммо, ушбу мамлакатларда бу каби нормалар айнан қандай ҳолатлар учун қўлланилиши, улардаги ижтимоий-сиёсий муаммоларнинг характерини чуқур таҳлил қилиш тақозо этилади.
Санаб ўтилган ва бошқа ривожланган демократик мамлакатларда ҳақиқатан бу каби чекловлар бор, аммо ушбу мамлакатларда ҳар бир фуқаронинг низоли ҳолатларда полиция ходимининг боди-камерасидаги ёзувларни олиш ҳуқуқи кафолатланган.
Тўртинчидан, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги» тўғрисидаги қонунга кўра, ошкоралик ва шаффофлик ҳамда давлат идоралари фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги давлат органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилган.
Янги норма билан киритилаётган янги жавобгарликнинг белгиланиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хизмати билан боғлиқ фаолиятини тасвирга олиш мумкин эмас деган қоидани келтириб чиқармаслиги лозим.
Бешинчидан, аксинча, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ножўя ҳаракатлари акс этган тасвирлар Интернетда тарқалган ҳолларда, раҳбарлар ўз эътиборини тизимни такомиллаштириб боришга қаратиши керак. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятининг халқчиллиги ва профессионаллигини оширишга хизмат қилади.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати қонуннинг йўл ҳаракати хавфсизлиги, айниқса пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш учун киритилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди.
Шу билан биргаликда, қонун Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилади. Бу босқичда сенаторлар жамоатчиликда юзага келган саволлар ва эътирозларга жиддий эътибор қаратиши лозим деб ҳисоблаймиз», дейилади ҳаракат баёнотида.
Мавзуга оид
15:26 / 20.09.2024
Скутер ва юк машиналарига доир тақиқлар, “радарлар” ҳамда ЙҲХХнинг бекор бўлаётган ваколати – Сенат янги ўзгаришларни маъқуллади
14:45 / 27.06.2024
Ёшлар ишлари агентлигига тегишли Malibu йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланди
15:30 / 07.03.2024
«Юксалиш» раҳбар аёллар рўйхатини тузди
11:19 / 27.01.2024