1-таклиф. Респондентларнинг 80,7 фоизи чанг кўтарилишини камайтириш учун барча очиқ майдонларга дарахтлар ва кўп йиллик ўтларни экиш орқали “яшил белбоғ” яратиш керак, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, экилган дарахтларни доимий парваришлаш, мониторинг қилиш, кесиш ҳолатларига жазони кучайтириш муҳимлигини ҳам қўшимча қилишган.
2-таклиф. Сўровда қатнашган экологларнинг 74,4 фоизи шаҳарсозлик Бош режалари тасдиқланмагунча янги, айниқса, кўп қаватли ва нотурар бинолар қурилишига мораторий жорий этиш, қурилишларга фақат “яшил” стандартлар доирасида рухсат бериш зарурлигини таъкидлаган.
3-таклиф. 70,1 фоизи респондент эса ҳавони ифлослантирувчи омиллар ҳақида аниқ тушунча ва маълумотларга эга бўлиш учун махсус ускуналар орқали ифлослантирувчи манбаларни (корхона, завод, иссиқхона ва ҳ.к.) мониторинг қилиш ва бунинг учун масъул идоралар, ННТлар вакилларидан иборат тезкор мониторинг гуруҳини тузиш шартлигини билдирган. Мониторингда асосий урғуни қуйидагиларга қаратиш тавсия этилган.
- ифлосланиш даражаси, сабаблари ва таркибини ўрганиш, уни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;
- натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;
- ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиши учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;
- қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;
- ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

4-таклиф. Сўровноманинг 57.3 фоизи эса ҳавонинг ифлосланганлик ҳолати ҳақида аҳолини хабардор этиш учун кенгроқ ишлар қилиш кераклигига урғу берган. Ахборот билан таъминлаш тизимли, доимий ва эколог мутахассисларнинг маълумотларига таянилган бўлиши керак
5-таклиф. Экспертлар барча транспорт воситаларини, жумладан, трактор ва техникаларни режадан ташқари техник кўрикдан ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаган (53 фоиз). Шунингдек, улар носоз ускуналардан фойдаланишни тақиқлашни ёқлаган.
6-таклиф. 50,6 фоиз иштирокчи ижтимоий-аҳамиятли объектларда (мактаб, боғча, шифохона ва ҳ.к.) ҳавони тозаловчи тизимларни ўрнатишни; 42,1 фоизи эса иш берувчиларга бино ва офислар ичкарисида ҳавони тозалаш бўйича тезкор чоралар кўришни ҳам тавсия этган.















