Ўзбекистон | 21:24 / 03.08.2020
82690
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусдан вафот этган беморларнинг ҳаммаси ҳам статистикага киритилмаётганига изоҳ берилди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов коронавирус туфайли вафот этаётган беморларнинг ҳаммаси ҳам расмий статистикага киритилмаётгани юзасидан изоҳ берди.

Фото: KUN.UZ

«Бизда ҳақиқатан ҳам статистикада ва реал ҳаётда коронавирусдан вафот этаётганлар сони ўртасида тафовут бор.

Сабаби – бирмунча вақт олдин коронавирус тасдиқлангани тўғрисида тест таҳлили йўқ беморларни коронавирус учун мўлжалланган стационар шароитда эмас, оддий стационарда даволар эдик. Ҳозир эса агар клиник ташхис қўйилса, таҳлил натижасини кутмасдан коронавирус аломати мавжуд беморни стационар ёки уй шароитида даволашни бошлашга буйруғимиз бор ва улар учун ҳам коронавирусга мўлжалланган муолажалардан фойдаланилади.

Бироқ, афсуски, уйида даволанишга ҳаракат қилиб, тест таҳлилисиз оғир аҳволда олиб келинган беморлар 1-2 кун ичида вафот этадиган, улардан клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмайдиган бўлса, улар коронавирус статистикасига киритилмайди, пневмония туфайли вафот этган ҳисобланади. Шунинг учун тафовут кузатилмоқда», – деди Ҳабибулло Оқилов 3 август куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ штаб аъзолари томонидан Махсус комиссияга таклиф киритилгани, унда коронавирус тасдиқланмаган, аммо ўхшаш аломатлардан вафот этганларни ҳам расмий статистикага киритиш мақсадга мувофиқлиги айтилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид