Жамият | 18:40 / 04.08.2020
5852
3 дақиқада ўқилади

Имтиҳонларни ўтказиш учун хавфсиз жойлар танлангач, аниқ саналар эълон қилинади – ДТМ абитуриентларни чалғитувчи хабарлар тарқатмасликка чақирди

Ўзбекистонда пандемия шароити мураккаб кечаётгани, карантин чекловлари бекор қилинмаётгани ёки юмшатилмагани боис олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш муддатлари тест топширувчилар саломатлигига зарар етмайдиган вазият келгунга қадар кейинга сурилмоқда ва бу ҳақда жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати хабар қилган.

«Кейинги кунларда турли интернет нашрларида кириш имтиҳонлари усти очиқ катта майдонларда, эрталаб ва кечки сменада ўтказилиши, шунингдек, аниқ саналар белгиланганлиги тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

Бу борада расман шуни маълум қиламизки, айни кунларда Давлат тест маркази томонидан жараёнларни, энг аввало, тест топширувчилар саломатлиги хавфсизлигини таъминлаган ҳолда ташкил этиш борасида турли вариантлар ўрганиб чиқилмоқда.

Қайд этиш керакки, ушбу ҳаракатлар ҳали ўрганиш босқичида бўлганлиги сабабли ҳозирдан «шундай бўлади» қабилида хабарлар тарқатиш абитуриентларни чалғитиши, тестга тайёргарлик жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шуларни ҳисобга олиб, Республика комиссияси кўрсатмаси асосида соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан биргаликда 2020 йилги қабул тест синовларини ўтказиш учун мақбул ва хавфсиз жойлар танланиб, аниқ саналар белгилангач, Давлат тест маркази томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ишончли хабар берилади. Бунга қадар абитуриентлардан турли хабарларга эътибор қилмасдан вақтдан унумли фойдаланишларини, тест синовига пухта тайёргарлик кўришни давом эттиришларини сўраб қоламиз», дейилади ДТМ ахборотида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари 25 июлдан 20 августгача ўтказиш режалаштирилаётганди. Бироқ мамлакатда аввалига 1 августгача, кейин 15 августгача қатъий карантин жорий этилди. Натижада кириш имтиҳонлари санаси номаълум муддатгача кечиктирилди. 22 июлда АОКАда ўтган брифингда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов имтиҳонлар сентябрь ойида ўтказилиши ҳам мумкинлигини айтганди.

Рўйхатга олиш 20 июндан 20 июлга қадар барча ҳудудларда ДТМнинг расмий веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали , республиканинг 8та туманида эса Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилди. 21 июль куни абитуриентларни рўйхатга олиш якунланди. Рўйхатдан ўтган жами абитуриентлар сони 1 484 085 нафарни ташкил этди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид