11:32 / 04.08.2020
3811

«Пик вақтида тизим ҳеч қачон тайёр бўлмайди» – вазир ўринбосари «Тез ёрдам» тизимидаги юклама ҳақида

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов «Тез ёрдам» тизимида кузатилган мурожаатларга ўз вақтида жавоб бермаслик ҳолатлари бўйича изоҳ берди.

У «пик» вақтида «1003»га мурожаатлар ҳажми 3 бараварга ошганини таъкидлаган.

«15 июль куни «Тез ёрдам»га 10 минг 650та мурожаат бўлган. 19 июль куни эса мурожаатлар сони 30 мингтага етди. «Тез ёрдам» тизимида 40 нафар оператор ишлаган бўлса, уларнинг сони 100тага етказилди.

«Пик» вақтида тизим ҳеч қачон тайёр бўлмайди. Чунки бунинг харажати жуда юқори. Мурожаатларнинг 3 баравар ўсиб кетганини инобатга олиб, тизимни уч бараварга оширсак, бюджет буни доимий кўтара олмайди. Харажати жуда катта, қоплай олмаймиз. 100 нафар одам ва 100та компьютер доим тайёр туриши иложсиз нарса.

Аммо ёрдам бериш истагида бўлган волонтёрлар, оператив ишлайдиган ташкилотлар кўп чиқди. Мобил бригадаларнинг ташкил этилиши ҳам «Тез ёрдам» тизимига тушаётган юкламани камайтирди. Ҳозирда «Тез ёрдам»га кунлик мурожаатлар 5 минг атрофида, бу кўрсаткич яна тушиши кутилмоқда», деди вазир ўринбосари 3 августдаги матбуот анжуманида.

Top