Ўзбекистон | 20:56 / 05.08.2020
5682
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда COVID-19 беморларини даволаш учун ажратилаётган маблағлар миқдори ўзгармагани маълум қилинди

Ўзбекистонда коронавирус беморлари сони ва ўлим кўрсаткичи ошаётган бўлса-да, уларни даволаш учун кетадиган харажат миқдори ўзгармаган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров маълум қилди.

«Бу суммалар ўзгаргани йўқ. Улар давлат раҳбари томонидан тасдиқланган. Ҳар бир бемор кафолатланган давони, дори-дармонларни оляпти», деди Собиров 6 август кунги брифингда.

Апрель ойида мамлакатда коронавирусдан даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун 32 миллион сўм, жонлантириш бўлимига ётқизилган оғир аҳволдаги ҳар бир бемор учун ўртача 64 миллион сўм сарфланаётгани маълум қилинган эди.

Улуғбек Собиров брифинг давомида койкалар масаласига ҳам тўхталди.

«Бутун республика бўйича ҳозирда етарли койкалар захираси шакллантирилган. Тошкент вилояти бўйича айтадиган бўлсам, янги жойлар қилинган. 4 минг, 6 мингта койка бўлса, уларнинг ярмида беморлар ётибди, ярми бўш. Бу стабилизация жараёни кетаётганидан далолат беради.

Шунга қарамай, биз вирусни назоратда тутиб туриш учун ҳар доим ниқоблар ва ижтимоий масофа масаласини унутмаслигимиз керак», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирлик 4 август ҳолатига берган якуний маълумотига кўра, Тошкент вилоятида коронавирус аниқланган жами фуқаролар сони 3451 нафар экани, улардан 2303 нафари тузалгани, 1134 киши даволанаётгани маълум қилинган.

Мавзуга оид