Ўзбекистон | 09:48 / 05.08.2020
9056
6 дақиқада ўқилади

«Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Қонун истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги бўйича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва пестицидларнинг қўлланилиши устидан назоратни амалга оширувчи, ветеринария назоратини назоратни амалга оширувчи, ўсимликлар карантини бўйича давлат органлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа органлар томонидан амалга оширилади.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат томонидан нормалаш;

санитария чораларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва қўллаш;

болаларбоп озиқ-овқат маҳсулотлари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, янги озиқ-овқат маҳсулотлари, функционал ва ихтисослаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, пестицидлар, ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш;

озиқ-овқат соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестрини тузиш ва юритиш;

давлат назорати ва текшируви;

озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини режалаштириш.

 Тегишли санитария чоралари қуйидаги талабларга мувофиқ ишлаб чиқилади, кўриб чиқилади ва тасдиқланади:

Санитария чоралари илмий принципларга ва мавжуд илмий хулосаларга асосланади (модданинг 6-хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно);

агар халқаро стандартлар, йўриқномалар ва тавсиялар мавжуд бўлса, санитария чоралари улар асосида ишлаб чиқилади, ушбу халқаро стандартлар, йўриқномалар ва тавсиялар инсон соғлиғини муносиб ҳимоя қилиш учун етарли бўлмаган ҳоллар бундан мустасно;

инсон ҳаёти ва саломатлигини муносиб ҳимоя қилиш даражасини таъминлаш учун халқаро стандартлар, йўриқномалар ёки тавсиялар мавжуд бўлмаса ёки етишмаса, санитария чоралари тегишли илмий изланишлар асосида, хавфларни баҳолаш усулларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқилади;

хавфларни баҳолаш учун зарур бўлган илмий асослар бўлмаса ёки инсон ҳаёти ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар юзага келганда, санитария чоралари тегишли халқаро ташкилотлардан олинган мавжуд маълумотлар ёки санитария ва гигиена чоралари асосида манфаатдор ҳамкорлари билан бирга ишлаб чиқилади.

Санитария чоралари, шу жумладан фавқулодда ҳолатларда қабул қилинган чоралар, бундай чоралар фақат инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш бўлган доирада қўлланилишини таъминлаш мақсадида, қўйидаги ҳолларда қайта кўриб чиқилиши ва янгиланиши керак:

янги илмий маълумотлар олинганда;

манфаатдор савдо ҳамкорлардан муҳим шарҳлар қабул қилинганда.

Санитария чоралари лойиҳалари тегишли озиқ-овқат соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларга ва истеъмолчиларга кўриб чиқиш ва таклиф киритиш учун юборилиши ҳамда уларнинг чоралар мазмуни ва шакли бўйича берган таклифлари якуний қарор қабул қилинишда эътиборга олиниши керак.

Санитария чоралари, техник ва иқтисодий имкониятларни инобатга олган ҳолда, инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган даражадан ортиқроқ савдони чекламаслиги керак, фавқулодда ҳолатларда ҳамда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида қабул қилинадиган санитария чоралари бундан мустасно.

Таклиф этилаётган санитария чоралари ва улар тўғрисида маълумотни олиш тартиби, шунингдек уларни қўллаш бўйича шарҳлар оммавий ахборот воситалари ва тегишли санитария чораларни ишлаб чиққан давлат бошқаруви органининг расмий веб-сайтида жамоат муҳокамаси учун жойлаштирилиши керак.

Халқаро стандартларга мос келмайдиган ва манфаатдор савдо ҳамкорларнинг экспорт имкониятларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган санитария чоралари тўғрисида, сўровлар қабул қилиш ваколати мавжуд ваколатли органининг маркази орқали Жаҳон савдо ташкилотининг санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш тўғрисидаги битимига мувофиқ, санитария чораларнинг якуний лойиҳаси тайёрланишидан камида 60 кун олдин хабар қилинади.

Таклиф қилинаётган янги ёки ўзгартирилган санитария чораларининг эълон қилиниши ва кўриб чиқиши натижасида олинган шарҳлар бундай чораларни қабул қилиш учун камситмайдиган асосда ҳисобга олиниши керак.

Жаҳон савдо ташкилотининг санитария ва фитосанитария чоралари тўғрисидаги келишувига асосан санитария чоралари тўғрисида сўровларни қабул қилиш маркази мавжуд ваколатли давлат бошқаруви органи манфаатдор шахслар ёки савдо ҳамкорларнинг ёзма мурожаатига биноан таклиф қилинаётган санитария чораларининг матнини, иложи бўлса, халқаро стандартлар, кўрсатмалар ва тавсиялардан сезиларли даражада фарқ қиладиган қоидаларни кўрсатган ҳолда тақдим етиши керак.

Фавқулодда ҳолатларда, санитария чоралари дарҳол қабул қилинишига йўл қўйилади, бунда қабул қилинаётган чора тўғрисида кечиктирмасдан ва тезкор хабар берилиши керак.

Янги қабул қилинган ва ўзгартирилган (тўлдирилган) санитария чоралари уларни ишлаб чиққан ваколатли давлат бошқаруви органининг тегишли расмий босма нашрларда ва расмий веб-сайтида жойлаштирилгандан кейин дарҳол эълон қилинади ҳамда эълон қилинган кунидан бошлаб камида олти ойдан муддатдан кейин кучга киради.

Фавқулодда ҳолатларда, шунингдек республиканинг божхона ҳудудига олиб кириш (юбориш) чеклов чоралари кўрилган тақдирда, санитария чораси қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради, кейинчалик тегишли расмий босма нашрда эълон қилиниши шарти билан.

Санитария чоралари фақат инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган миқдорда, республика ҳудудида ишлаб чиқилган ва республика ҳудудига олиб кирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ёки турли хил озиқ-овқат етказиб берувчилар орасида камситишга йўл қўйилмаган ҳолда қўлланилади.

Мавзуга оид