Жамият | 19:40 / 06.08.2020
7651
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик муҳожирлар Приморьедаги шифохона ходимларига миннатдорлик сифатида палов тайёрлашди

 Шифокорлар учун иккита қозонда 15 кило девзира гуручидан байрам палови дамланди. 

Фото: newsvl.ru

Ўзбекистон фуқаролари Дальзавод юқумли касалликлар шифохонаси ходимларига миннатдорлик сифатида 150 порциядан ортиқ палов тайёрлаб тарқатди. Бу ерда COVID-19га чалинган беморлар даволанаётган бўлиб, улар орасида меҳнат муҳожирлари ҳам бор.

 Ушбу ташаббусни «Адолат» ўзбеклар ва ўзбекистонликлар жамоат ташкилоти кўтариб чиқди.

 Шифокорлар учун иккита қозонда 15 кило девзира гуручидан байрам палови дамланди. 

 «Тиббиёт ходимларига осонмас. Ўзим 15 йил шу касбда ишлаганман, 10 йил Ўзбекистонда тез ёрдамда ва 5 йил Россиядаги хусусий клиникада. Биз фаолларимиз билан маслаҳатлашдик ва приморьелик шифокорларга миннатдорлик сифатида палов тайёрлашга қарор қилдик», – дейди «Адолат» ўзбеклар ва ўзбекистонликлар жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Нураков.

 Ташаббусни Дальзавод шифохонаси бош шифокори Елена Новицкая қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, бу шифокорларнинг руҳини кўтаришга ёрдам беради.

 “Дальзавод шифохонасида беморлар миллатига қараб ажратилмайди. Бу ерда Ўзбекистон, Вьетнам ва бошқа давлатлар фуқаролари даволанади. Хорижликларга тиббий ёрдам уларда тиббий суғурта бор-йўқлигидан қатъи назар, бепул кўрсатилади”, дейди у.

 Қайд этилишича, байрамона палов тайёрланишига кўплаб кишилар ва ташкилотлар ўз ҳиссаларини қўшган. Улар орасида Приморьеда ошпаз, қурувчи, ҳайдовчи бўлиб ва бошқа касбларда ишлаётган ўзбекистонликлар бор. 

Мавзуга оид