Жамият | 15:59 / 06.08.2020
3455
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларга берилган имтиёзларни қўллашда бюрократияга йўл қўйилмоқда — Бизнес-омбудсман

Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларига нисбатан солиқларнинг оширилган ставкаларини қўллашни тўхтатмаслик, фаолият юритиши мумкин бўлган тадбиркорларнинг фаолиятини ноқонуний тўхтатиш каби ҳолатлар учрамоқда.

Фото: Thinkstock

Бугун, 6 август куни АОКАда ўтказилган брифингда Бизнес-омбудсман бош инспектори Шерзод Саидов тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ муаммоларга тўхталди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Шерзод Саидов тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига қатъий риоя этилиши Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинганини таъкидлар экан, айни пайтгача ўтказилган назорат тадбирлари натижасида айрим давлат органлари ва ташкилотлар томонидан тадбиркорлар учун белгиланган имтиёз ва преференцияларни қўллашда ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сансалорлик, бюрократияга йўл қўйиш ҳолатлари кузатилаётганини айтди.

«Жумладан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларига нисбатан солиқларнинг оширилган ставкаларини қўллашни тўхтатмаслик, фаолият юритиши мумкин бўлган тадбиркорларнинг фаолиятини ноқонуний тўхтатиш каби ҳолатлар учрамоқда.

Ўтган давр мобайнида айрим давлат органлари ва ташкилотлар томонидан карантин даврида тадбиркорларга берилган имтиёз ва преференцияларни қўллаш рад этилгани сабабли Бизнес-омбудсман томонидан 143 та тақдимнома, 97 та огоҳлантириш, 27 та хулоса, 354 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан баённома, 80 нафар тадбиркор манфаати юзасидан 47 миллиард сўмлик даъво аризалар киритилди», – дея маълумот берди Шерзод Саидов.

Маълум бўлишича, Бизнес-омбудсман барча назорат қилувчи органларга карантин вазиятида тадбиркорлик фаолиятида текширишлар ўтказмаслик бўйича чақирув билан чиққан.

Коронавирус пандемияси даврида айрим назорат органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятида текширувлар ўтказиш тартибининг бузилиши ҳолатлари юзасидан 146 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, бугунги кунга қадар маъмурий суд қарорларига асосан 95 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган.

Қолган 51 та ҳолат бўйича ҳужжатлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид