Ўзбекистон президенти 4 июн куни “Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон имзолади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш “битта ариза – бир тўлов – барча уланиш нуқталари” тамойили асосида композит шаклда амалга оширилади.
2026 йил якунига қадар Тошкент шаҳри, 2027 йил якунига қадар қолган ҳудудлар бўйича "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ, "Ўзсувтаъминот" АЖ ва бошқа муҳандислик-коммуникация ташкилотларининг тегишли тармоқлардаги юкламалар, мавжуд захира ва уланиш нуқталари ҳақидаги маълумотлари географик ахборот тизими (GIS) шаклида "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилинади.
Бунда мазкур маълумотлар асосида объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш учун техник шартларни бериш жараёнлари бош режа рақамлаштирилган аҳоли пунктларида тўлиқ инсон омилисиз амалга оширилади.
Ягона давлат хизмати
Ҳужжатда ёзилишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида бино-иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино-иншоотлар қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш ва архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича давлат хизматларини битта босқичда кўрсатиш амалиёти жорий қилинган ва бу ижобий натижа берган.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб юқорида санаб ўтилган давлат хизматлари республиканинг барча ҳудудларида бирлаштирилиб, ягона давлат хизмати – архитектура ва шаҳарсозлик талабини бериш тизими жорий этилади. Бунда мазкур талаблар бош режаси рақамлаштирилган аҳоли пунктлари бўйича инсон омилисиз (автоматик равишда) шакллантирилади.
Ўзбекистонда лойиҳалаш ва қурилишни параллел олиб бориш амалиёти ўзгаради
Ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис бўлди
Ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларига раислик қилиш тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланди.










