Ўзбекистон | 12:35 / 07.08.2020
3823
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги ўсимликлари ҳимоясига оид қонун такомилига етказиш учун қайтарилди - Сенат

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида «Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Қонун тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертлар иштирокида ҳар томонлама ўрганиб чиқилгандан сўнг, уни тамомила қайта кўриб чиқиш зарур деган хулосага келинди.

Ҳужжатда ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоя қилишда қўлланиладиган кимёвий бирикмалар ва тавсия этилган кимёвий ҳамда биологик воситалар, ўғитлар ва бошқа препаратларнинг рўйхати келтирилмаган. Шунингдек, улардан самарали ва безарар фойдаланишнинг асосий мезон ҳамда меъёрлари очиб берилмагани айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, қонунда ўсимликларни ҳимоя қилиш объектлари ҳамда субъектларини аниқлаш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид масалалар акс этмагани, қолаверса, қишлоқ хўжалигида халқаро талабларга жавоб берадиган маҳсулотларни етиштиришда пестицидлар стандарт меъёрларини таъминлаш мақсадида радиологик, токсикологик кузатув ва ташхисларга доир жиҳатлар ёритилмагани таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, қонунда янги пестицидлар ва агрокимёвий воситаларни рўйхатга олиш ва воситани Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун рухсат бериш талаблари баён этилмаган, аграр тармоқда ўсимликларни янги навлари, турларини жорий этиш натижасида зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларнинг аввал учрамаган турлари тарқалишини ўрганиш масалаларига доир нормалар белгиланмагани айтиб ўтилди.

Экспертларнинг фикрича, қонун нормаларини ўсимликлар карантини ва уларнинг муҳофазаси тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқиш лозим. Бундан ташқари, қонун моддаларининг баён этилиши қонунчилик техникаси талабларига жавоб бермайди.

Қонунда тартибга солинадиган жамоатчилик муносабатларининг  аҳамиятини эътиборга олиб, сенаторлар ушбу қонун концепциясини қайта кўриб чиқишни, унга комплекс ёндашиб, халқаро нормаларни имплементация қилиб, такомилига етказишни, шунингдек амалдаги қонунларни хатловдан ўтказиш ва уларга ушбу қонуннинг қоидаларини киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади.

Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.

Мавзуга оид