Жаҳон | 14:37 / 08.08.2020
18893
2 дақиқада ўқилади

Ҳаддан ташқари кўп ухлагани учун шифокор кўригига олиб борилган боланинг бошидан ўқ топилди

Қуддуснинг фаластинликлар яшовчи шарқий қисмида ота-она ўғилларининг ҳаддан ташқари кўп ухлаётганидан шикоят қилиб шифокор қабулига боришган. Кўрик давомида 9 яшар боланинг бошида ўқ борлиги аниқланган, деб ёзмоқда The Daily Mail.

Фото: metro.co.uk

Нашрнинг қайд этишича, текширув давомида шифокорлар ёш фаластинликнинг бошининг қисмида қонли майда ярани пайқашган. Боланинг мияси компьютер томографияси орқали текширилганда қонаб турган ярадан бошга ўқ кириб қолгани маълум бўлган. Текширув натижасидан ота-она ҳам, шифокорлар ҳам ҳайратда қолишган. Фаластинлик эр-хотин фарзанди дўстлари билан ўйнаётиб жароҳат олган деб ўйлашган.

Нейрожарроҳлар шифохонага қабул қилинганидан икки соат ўтгач болани операция қилишган. Амалиёт муваффақиятли ўтган. Шифокорнинг таъкидлашича, агар ўқ бироз бошқа бурчак орқали бошга кирганда бола тирик қолмаган ёки ногирон бўлиб қолган бўларди.

Жарроҳлик амалиётидан кейин бола аста-секин тузалмоқда. У ҳушида ва оиласи ҳамда шифокорлар билан мулоқот қила олади, дея хабар бермоқда The Daily Mail.

Полиция содир бўлган ҳодиса бўйича суриштирув бошлаган. Тахминларга кўра, бола Қурбон ҳайити пайтида жароҳатланган бўлиши мумкин. Чунки фаластинлик мусулмонлар ушбу байрамни осмонга ўқ отиб нишонлашади.

Шунга ўхшаш воқеа аввалроқ АҚШда ҳам кузатилган. Шифокорлар беморнинг сийдик қопига кириб қолган ўқни 18 йил ўтганидан сўнг олиб ташлашган. Бу вақт ичида сийдик қопи ичидаги ўқ атрофида тош ҳосил бўлган, бунинг оқибатида бемор кучли оғриқдан азият чекиб келган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид