Ўзбекистон | 08:12 / 08.08.2020
2111
2 дақиқада ўқилади

Саудия тараққиёт жамғармаси Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини оширади

СТЖ Ўзбекистон билан икки томонлама шаклда ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи доирасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани айтилди. 

2020 йил 6 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сиддиқов Саудия тараққиёт жамғармаси (СТЖ) ижрочи директори Холид Ал-Худайри билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

ТИВ хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва СТЖ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, СТЖ молиявий манбалари Ўзбекистонда таълим ва тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш, қишлоқ жойларда уй-жой қуриш, автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, сув таъминоти тизимини яхшилаш каби ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда фойдаланилмоқда. 

Билдирилишича, бугунги кунга қадар Ўзбекистонда СТЖ иштирокида 88 миллион АҚШ доллари қийматидаги 4 та лойиҳа амалга оширилди, 186 миллион АҚШ доллари қийматидаги 6 та лойиҳа якунланиш босқичида турибди.

Холид Ал-Худайри Ўзбекистон билан икки томонлама шаклда ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи доирасида ҳамкорликни кенгайтиришдан, шунингдек, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини оширишдан манфаатдор эканлигини изҳор этди.

Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид