Ўзбекистон | 00:07 / 09.08.2020
15854
5 дақиқада ўқилади

Эксперт: Ўзбошимчалик билан даволаш бемор учун ҳам, шифокор учун ҳам хатарли

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори Ботир Тожиев билан суҳбатимиз бугунги кунда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган "ўзбошимчалик билан даволаш учун амалга киритилаётган жазо” бўйича бўлди.

– Ботир Мирҳошимович, нега “ўзбошимчалик билан даволаш учун жазо” амалиёти йўлга қўйилди?

– Даставвал коронавирусдан касалланишлар сони кескин ошиши натижасида тиббиёт муассасаларига мурожаатлар ҳам шунга баробар равишда ўсиб кетганди. Керакли чоралар кўрилди, катта масштабда беморларни қабул қила оладиган марказлар кетма-кет ишга туширилди. Нодавлат тиббиёт ташкилотларига ҳам коронавирусдан касалланган беморларни қабул қилишга рухсат берилди. Натижада беморларни қабул қилиш учун етарлича моддий-техник, тиббий ва мутахассислар захираси шакллантириб олинди. Уйда даволанаётган, шифокорга мурожаат қилмай юрган беморларни ҳам тўла қамраб олишга имконият яратилди. Шунга қарамасдан аҳоли орасида бундай ҳолатлар ҳануз давом этмоқда. Аксарият беморлар касалликни ўтказиб, аҳволи оғирлашгач, мутахассисларга мурожаат қиляпти. Масалан, айни пайтда бизнинг клиникамизда 155 нафар бемор даволанаётган бўлса, уларнинг 12 нафари ўта оғир, 67 нафари эса ўрта оғир аҳволда. Таҳлил қилинганда уларнинг аксарияти аниқ кўрсатмаларга зид тарзда даволанганлиги аён бўлди.

Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг шу йил 6 август куни коронавирусга қарши курашиш учун алоҳида буйруғи қабул қилинди. Бу айни муддао бўлди. Нега? Чунки энди коронавирусга чалинган беморларни уй шароитида инъекцион ва инфузион воиталарни қўллаб даволаш ва муолажа қилиш қатъий тақиқланди. Буйруққа бўйсунмаган шифокор ва ҳамширалар жавобгарликка тортилиши белгиланди. Шу билан бирга, коронавирусга чалинган беморларни қабул қилган хусусий клиникалар даволаш стандартларини бузса, лицензияси суд орқали бекор қилинадиган бўлди.

– Беморни белгиланган протоколлар асосида уйда даволаганлар ҳам жавобгарликка тортилиши мумкинми?

– Одамлар ҳатто оддий ҳамширанинг тавсиясини олиб, уйда даволанишга уринмоқда. Ким ёзгани номаълум бўлган рецептларни интернетдан олиб, қўллаб кўрганлар бўляпти. Ҳолбуки халқимизда “чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” деган мақол бор.

Ўйлаб қолади киши, ахир қўлида тиббиёт соҳаси дипломи бўлган ҳар ким коронавирусни даволаш бўйича тавсия бераверадими? Ҳатто малакали олим бўлса ҳам коронавирус унинг илмий йўналишига алоқаси йўқ бўлиши мумкин-ку.

COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича кўрсатмалар янгиланиб бориляпти, вазирликнинг алоҳида буйруқлари қабул қилиняпти.

Табиийки, бу моддий манфаат ортидан беморларнинг ҳаётини хавфга қўйиб, унга ўз билганича дори ёзиб бераётган тиббиёт ходимларига ёқмаслиги мумкин. Аммо ўзбошимчалик билан даволаш жавобгарликка асос бўлади.

– Бу қарорга келинишига нима туртки бўлди ва бу чора беморлар яна керакли муолажаларсиз қолишларига сабаб бўлмайдими? Ахир шифокорлар энди ҳатто маслаҳат беришдан ҳам бош тортишлари мумкин-ку, қолаверса, ҳозирча пандемия сусайди дея олмаймиз.

– Оддий мисол, уйда осма укол олиш, инъекцион ва инфузион воситалардан фойдаланиш мумкин эмаслиги аниқ экан, унда ким уларни одамларга тавсия қиляпти, ким уларни беморларда қўллаяпти? Албатта, қайсидир ҳамшира ё шифокорнинг қўли бор бўлади бунда. Аммо уларнинг ҳеч бири беморнинг тақдирига жавоб бера олмайди, ёзган рецептининг остига имзо қўйишга ҳам қўрқади. Агар масъулияти бўлганда “мана, мен даволайман беморни”, деб коронавирусга ихтисослашган муассасаларга келишарди.

Мени энг ҳайрон қолдирадиган жиҳати шуки, бутун дунё биринчи марта дуч келиб турган, ҳали бирор тиббиёт олими чуқур тадқиқ қилиб улгурмаган касалликка қарши қандай қилиб қўрқмасдан тавсия ёзиб беришади, бу ҳам етмагандек, соҳанинг тепасида турган олимлар ва амалиётда у билан юзма-юз келган шифокорлар ишлаб чиққан тавсияларни тан олмасликка уринади?

Ҳолбуки, тегишли кўрсатмаларда қайси доридан фойдаланмаслик, қай бирини қанча дозада қўллаш бўйича аниқ тавсиялар бор. Шуларга амал қилиш керак, тамом. Ўзбошимчалик бемор учун ҳам, даволовчи шифокор учун ҳам хатарли.

Хавотирга ўрин йўқ, етарлича койкалар тайёрладик ва тайёрлашда давом этмоқдамиз. Барча беморларни қамраб олишга кучимиз етади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид