Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коррупцияга қарши бошқарув тизимлари: ISO 37001:2016 халқаро стандарти нималарни кўзда тутади?
Коррупция дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. У жиддий ижтимоий, маънавий, иқтисодий ва сиёсий муаммолар келтириб чиқаради ҳамда давлат органлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, ривожланишга тўсқинлик қилади ва рақобатни ўлдиради.
Коррупция туфайли дунё иқтисодиёти 2,6 триллион долларни йўқотмоқда, бу дунё ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Мамлакатлар ҳукуматлари коррупцияга қарши курашиш учун турли хил давлат дастурларини қабул қилмоқдалар, аммо унинг натижаси кутилганидек самарали бўлмаяпти.
Коррупцияни идрок қилиш индекси (Corruption Perception Index) 2018 йил учун эълон қилган маълумотларга кўра, дунё мамлакатларининг учдан икки қисмидан кўпроғи нолдан 100 гача бўлган шкалада 50дан паст балл тўплаган ва ўртача балл 43га тенг бўлган. Бундан кўринадики, кўпгина мамлакатлар коррупцияни сезиларли даражада назорат қилишга қодир бўлмай келмоқдалар.
ISO 37001:2016 – «Коррупцияга қарши бошқарув тизимлари – Фойдаланиш учун талаблар ва тавсиялар» халқаро стандартининг ишлаб чиқилишини глобал миқёсда коррупцияга қарши курашда муҳим қадам деб ҳисоблаш мумкин.
ISO 37001:2016 нимани англатади?
ISO 37001:2016 – бу ташкилотда коррупцияга қарши курашнинг самарали тизимини яратишнинг халқаро усулларини ўзида жамлаган, коррупцияга қарши мукаммал бошқарув тизимини йўлга қўйишга хизмат қиладиган халқаро стандартдир.
ISO 37001:2016 коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш, қўллаб-қувватлаш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш учун талаб ва кўрсатмаларни белгилайди.
Стандарт 44та мамлакатдан жалб қилинган 80 нафар мутахассисдан иборат махсус шакллантирилган ISO/PC 278 «Anti-bribery management systems» ишчи қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ташкилот фаолиятида коррупция билан боғлиқ юзага келадиган қуйидаги ҳолатларга нисбатан амал қилади:
а) давлат, хусусий ва нотижорат секторларида пора олиш;
b) ташкилотлар томонидан пора олиш;
с) ташкилот номидан ёки унинг фойдасига ишлайдиган ходимлар томонидан пора олиш;
d) ташкилот номидан ёки унинг фойдасига иш олиб борадиган ҳамкорлари томонидан пора олиш;
e) ташкилотга пора бериш;
f) ташкилотнинг фаолияти билан боғлиқ ташкилот ходимларга пора бериш;
g) ташкилотнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳамкорларига пора бериш;
h) тўғридан тўғри ёки кимдир орқали (масалан, учинчи шахс томонидан тақдим этилган ёки қабул қилинган пора) пора бериш каби ҳолатлар.
ISO 37001:2016 ҳар қандай юрисдикцияда ва ҳар қандай сектор ҳамда тармоқда (давлат, хусусий ёки нотижорат ташкилот ва ҳоказо) коррупцияга қарши бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган.
Ушбу стандарт Малайзия ҳукумати томонидан жорий қилинган бўлиб, ҳам давлат секторида, ҳам хусусий секторда ижобий натижа берган. Хусусан, Малайзиянинг бир қатор муҳим халқаро тадқиқотлар ва индекслар бўйича кўрсаткичлари яхшиланган.
Шунингдек, Сингапур ва Хитойда давлат секторида, Индонезия ва Таиландда хусусий секторда ISO 37001:2016 стандартидан фойдаланилади.
Буюк Британияда эса Бирлашган қиролликнинг Аккредитация хизмати (Accreditation Service) аккредитация схемасини ишлаб чиқиш учун ISO 37001:2016 бошланғич дастурини амалга оширган.
Дунёнинг энг йирик компанияларидан бўлган Microsoft ҳам ISO 37001:2016 стандарти бўйича сертификатга эга.
Ташкилотда ISO 37001:2016ни жорий қилиш нима учун муҳим
Сир эмаски, йирик ташкилот раҳбари ташкилотидаги ҳар бир ходимни назорат қила олмайди. Бунинг учун самарали тизим керак.
ISO 37001:2016 ташкилотга у қайси мамлакатда фаолият кўрсатишидан қатъи назар, коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқишда, жорий этишда, сақлашда ва такомиллаштиришда ёрдам беради.
Тизимни жорий этиш:
– маъмурий тартиб-таомиллар, давлат хизматлари ва харидларини амалга оширишда давлат органларида коррупция фактлари тўғрисида маълумот олишга;
– марказий аппарат ва ҳудудий тузилмалар кесимида коррупция ҳолати
ва тенденциялари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишга;
– давлат идоралари, тармоқлар, ҳудудлар ва коррупция турлари кесимида коррупция ҳолати ва тенденциялари мониторингини амалга оширишга;
– фуқароларнинг, ходимларнинг мурожаатлари бўйича ягона тизим ва маълумотлар базасини яратиш, шунингдек давлат хизматида коррупцияга қарши ўқитиш ва ҳалоллик бўйича малакасини оширишга хизмат қилади.
Коррупцияга қарши курашнинг ISO 37001:2016 бўйича сертификат олишнинг талаблари
ISO 37001:2016 бўйича сертификат олиш учун коррупцияга қарши бошқарув тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, жорий қилинган тизимнинг стандарт талабларига мувофиқлигини мустақил аудит ўтказиш орқали тасдиқлаш керак.
ISO 37001:2016 ташкилотдан бир қатор тадбирларни амалга оширишни талаб қилади. Хусусан:
– коррупцияга қарши сиёсатни ишлаб чиқиш;
– коррупцияга қарши тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш учун масъулларни тайинлаш;
– ходимларни ўқитиш;
– коррупция хавфларини баҳолашни ўтказиш;
– молиявий ва тижорат назоратини олиб бориш, ҳисоботлар юритиш
ва бошқалар.
Стандартга мувофиқ, самарали коррупцияга қарши сиёсат учун ваколатли ва жавобгарлиги белгиланган коррупцияга қарши курашиш хизматини жорий этиш зарур. Коррупцияга қарши курашиш хизмати етарли ресурсларга эга бўлиши, тайинланган шахслари эса тегишли малака, мақом, ваколатларга ва мустақилликка эга бўлиши керак.
Хавф даражаси паст даражадан юқори бўлган барча лавозимларга, шунингдек коррупцияга қарши кураш хизматининг мутахассисларига нисбатан ташкилот қуйидагиларни ўз ичига оладиган тартиб-таомилларни жорий этиши керак:
– ишга қабул қилишдан, бошқа лавозимга ўтказиш ёки юқори лавозимга кўтаришдан олдин ҳар бир номзодни комплекс текширувдан ўтказиш, уларни ишга қабул қилиш ва бошқа лавозимга ўтказишнинг асослилигини текшириш, уларнинг коррупцияга қарши сиёсат ва бошқарув тизими талабларига мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиш;
– бошқа меҳнатга хақ тўлашни барча турдаги рағбатлантирувчи элементларини (бонуслар, мақсадли кўрсаткичлар ва ҳоказо) уларни қўллашда коррупциянинг олдини олиш учун етарли ҳимоя чоралари кўрилганига ишонч ҳосил қилиш мақсадида даврий таҳлил қилиб бориш;
– ходимлар, юқори раҳбарият ва бошқарув органи ўзларининг коррупцияга қарши сиёсатига мувофиқлигини тасдиқлаш учун вақти вақти билан декларацияни тўлдириб турадилар.
Шунингдек, ушбу стандартга мувофиқ бўлиш учун ташкилот ўз ходимларини етарли даражада хабардор қилиш ва ўқитишни таъминлаши керак. Стандартда коррупцияга қарши терговни ва чоралар кўрилишини таъминлаш учун жорий қилиниши лозим бўлган тартиб-таомиллар ҳам белгиланган. Хусусан, терговни терговни лавозими ва вазифалари юзасидан алоқаси бўлмаган ходимлар олиб бориши ва тергов бўйича маълумотлар фақат шундай ходимларга тақдим этилиши лозим.
Хулоса
ISO 37001:2016 стандартини жорий этиш Ўзбекистонда ҳам фуқароларнинг ишончини орттириш, ходимларнинг ҳалоллигини ошириш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш ҳамда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг шаффоф ва самарали тизимини яратишни мақсад қилган давлат идоралари учун жуда самарали восита бўлиши мумкин.
ISO 37001:2016 сертификатини олиш орқали давлат органи ва бошқа ҳар қандай ташкилот ўзининг шерикларига, давлат идоралари ва бошқа манфаатдор шахсларга коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф қилиш учун зарур бўлган барча чораларни халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошираётганининг тасдиғи бўла олади.
Аъзам Мадаминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори
Мавзуга оид
18:20 / 17.06.2026
Давлат хизматчилари учун қамоқхонага экскурсия амалиёти йўлга қўйилди
14:42 / 16.06.2026
Тошкентда ИИО бўлинма бошлиғи жиноятда гумонланиб қўлга олинди
15:13 / 15.06.2026
Наманганда таълим тизими мансабдори тезкор тадбирда қўлга олинди
15:47 / 13.06.2026