Эҳтиёжманд фуқаро қаерда доимий рўйхатга олинганидан қатъи назар, ҳозир яшаб турган манзилида ёрдам олиши мумкин — вазирлик
Ҳомийлик ёрдамлари унга муҳтож фуқаронинг айни вақтда яшаб турган манзилига етказиб берилади, яъни бунда фуқаро қаерда доимий рўйхатда туриши муҳим эмас.
10 август куни АОКА биносида ўтказилган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева шу ҳақда эслатиб ўтди.
«Мен Самарқанд вилоятида доимий рўйхатда тураман. Ҳозирда Тошкент шаҳрида ижарада яшаб келяпман. Карантин муносабати билан ҳозир ҳеч қаерда ишламаяпман. Мен ҳам Тошкент шаҳридаги Ҳомийлик марказидан озиқ-овқат ёрдами олсам бўладими? Пул маблағлари-чи?» – дея аҳолидан келиб тушган саволга вазирлик расмийси қуйидагича жавоб берди.
«Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари фаолиятида бу каби ҳолатлар жуда кўп учрайди.
Мавжуд амалиётга кўра, ҳомийлик ёрдамлари фуқаронинг айни вақтда яшаб турган манзилига етказиб берилади. Яъни сиз маълум бир жойда доимий рўйхатда туришингиз ёки турмаслигингиздан қатъи назар, ёрдамлар ҳозирда яшаб турган уй манзилингизга юборилади», – деди Саодат Боймирзаева 10 август кунги брифингда.
Вазирлик вакили фуқаролар ҳомийлик маҳсулотларини олиши учун нима қилиши кераклиги борасида ҳам маълумот бериб ўтди.
«Бунинг учун аввало яшаб турган ҳудудингиздаги фуқаролар йиғинига мурожаат қилиш тавсия этилади. Шунингдек, мамлакатимиз миқёсида ягона ҳисобланувчи 1197 қисқа рақамлари ҳамда ҳар бир ҳудуддаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг колл-марказларига телефон орқали мурожаат қиласиз.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ҳам аҳолига янада қулайлик яратиш, ҳомийлик маҳсулотларини аҳолига етказиш, бу борада аҳоли мурожаатларини қабул қилиш мақсадида ишонч телефонлари фаолият юритмоқда. +(99871) 203-01-21 рақамли мазкур телефон рақамларига ҳар куни 9:00 дан 17:00 га қадар қўнғироқ қилиб мурожаатларингизни қолдиришингиз мумкин.
Келтириб ўтилган йўналишлар бўйича сизнинг ҳар бир мурожаатингиз қатъий назоратга олинади ҳамда уй манзилингизга зарур хайрия маҳсулотлари етказиб берилади.
Ҳомийлик пул маблағларини аҳолига етказиш Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, фонднинг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади», – дея Саодат Боймирзаеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
20:26 / 26.07.2024
Меҳнат мигрантлари оилаларига моддий ёрдам ажратилади — асосий саволларга жавоблар
09:50 / 13.06.2024
Болалар нафақаси ва моддий ёрдамни олиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди
11:10 / 15.11.2023
“Картошка пули”: у кимларга ва қандай асос бўйича берилади?
17:49 / 03.11.2023