Жамият | 21:47 / 10.08.2020
30664
2 дақиқада ўқилади

Пандемия шароитида қандай оилаларга ёрдам кўрсатилиши мажбурийлиги маълум қилинди

Республика миқёсида моддий ёрдамга муҳтожлар рўйхати («темир дафтар») аҳолининг мавжуд 7 та ижтимоий ҳолатини инобатга олиб тузилган ҳамда мазкур тоифага киритилган аҳолига зарур ёрдамлар кўрсатилиши мажбурий ҳисобланади.

10 август куни АОКА биносида ўтказилган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева жойларда қандай оилаларга моддий ва бошқа турдаги зарур ёрдамлар кўрсатилиши мажбурий эканлиги масаласига аниқлик киритди.

«Ҳозирда юртимиздаги коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган ва сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилаларни қайд этиш мақсадида «темир дафтар» тизими жорий этилган.

Бу рўйхатга аҳолининг мавжуд 7 та ижтимоий ҳолатини инобатга олиниб тузилган ҳамда мазкур тоифага киритилган аҳолига зарур ёрдамлар кўрсатилиши мажбурийдир.

Тоифалар ичида ижтимоий нафақаси реал эҳтиёжларни қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбайи бўлмаган ҳамда меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ улар ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган мавсумий ишчи ва зарур ёрдамга муҳтож оилалар алоҳида белгилаб ўтилган», – дея Саодат Боймирзаеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, «темир дафтар»га қуйидаги тоифа фуқаролар киритилиши белгиланган:

  • оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ногиронлари ва сурункали касалликка чалинганлар;
  • якка-ялғиз кексалар, бевалар ва ўзгалар қарамоғига муҳтожлар;
  • 5 ва ундан ортиқ фарзанди бор оилалар;
  • карантин чоралари натижасида даромад манбаини йўқотганлар;
  • ҳақиқатда эҳтиёжмандлар, ночор ва моддий кўмакка муҳтожлар.

 

Мавзуга оид