Жамият | 18:37 / 11.08.2020
11269
4 дақиқада ўқилади

Наманганда «темир дафтар»га киритилган аҳоли вакилларини иш билан таъминлаш қай тариқа йўлга қўйилган?

Қайсидир оиланинг «Темир дафтар»га киритилишига хонадонда меҳнатга лаёқатсиз ногиронлиги бўлган фуқаролар ёки сурункали касалликка чалинган оила аъзоларининг мавжудлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Пандемия шароитида мана шундай шароити оғирлашган оилаларга мутасаддилар алоҳида эътибор қаратишлари, уларга хайрия ёрдамлари бериш билан бирга даромад манбайи яратишлари ҳам зарур.

Тўрақўрғонга ташкил этилган пресс-тур давомида туманнинг Мажнунтол маҳалласи оқсоқоли Абдулҳамид Азларов билан ана шундай хонадонларнинг бирида бўлдик.

Хонадон соҳиби Улуғбек Набиев икки томонлама буйрак етишмовчилиги билан оғригани сабаб, ҳафтада уч марта касалхонага бориб гемодиализ олади. Ишга лаёқатсиз. Оила «Темир дафтар»га киритилган. Туман ҳокимлиги, маҳалла тадбиркорлари томонидан хайриялар бериб келинмоқда.

Оиланинг бошқа аъзолари соғлом, меҳнатга лаёқатли. Аёли Шоҳида Умарова чеварчиликни яхши эгаллаган, якка тартибда маҳалланинг буюртмаларини тикиб келади. Мутасаддилар оиланинг даромадини кўтариш учун Шоҳидахонга имтиёзли кредит асосида тикув машиналари олиб бериб, уйида кичик цех ташкил этишга кўмак беришди.

«Шоҳидахон – уста чевар. Бошқа каттароқ ўлчамли жой берсак, бемалол 20-30 нафар шогирдни ўқитиб, ҳунар ўргата олади. Лекин бемор эри доимий назоратга муҳтож. Шунинг учун иш жойини уйининг ўзида ташкил қилдик», дейди маҳалла оқсоқоли.

Бунинг ортидан оиланинг икки қизи ва қўшни аёллар ҳам ишли бўлди. Маҳалладаги бир гуруҳ мактаб битирувчилари эса ҳунар ўрганмоқда.

Ўртақишлоқ МФЙда пандемиянинг илк кунларида рўйхатга олинган 20та оила «Темир дафтар»дан чиқарилган. Маҳаллада ҳунармандчилик кенг ёйилган. Кўп хонадонлар миллий қандолатчилик, мебелсозлик билан шуғулланади.

Маҳалладаги рўйхатда мавжуд Тожибоева Жамилахон опа хонадонида бўлдик. Онанинг ҳар йили чет элга ишлагани чиқиб кетадиган ўғли, келини ишсиз қолиб қийинчиликда қолган.

МФЙ томонидан келин Зиёдахон Тожибоева жамоатчилик асосида ишга қабул қилинган. Ўғлига Илҳом Тожибоевга эса ишлаб чиқариш корхонасидан иш топиб беришибди. Ўтган ҳафта оилага соғин сигир берилибди. Оила тез орада «Темир дафтар»дан чиқарилиши кутилмоқда.

Беруний маҳалласидаги умуртқа чурраси билан касалланган Ҳошимбой Ҳожиевнинг оиласида 7 нафар киши истиқомат қилар экан. Камбағалчиликда яшаётган оиланинг бошлиғи жамоатчилик асосида ишга кирибди. Икки нафар фарзанди текстил фабрикасига ишга жойланган, оилага кредит асосида уч бош қўй ва «Шербек кролик» кластери томонидан қуёнлар берилган.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова билан биргаликда Оқтош маҳалласидаги саноат ҳудудига бордик.

«Оқтош текстил» корхонасида айни пайтда 250 нафар қишлоқ ёшлари ишлаб келмоқда. Фабрикада сочиқлар ишлаб чиқарилиб, юз фоиз четга экспорт қилинади.

«Пандемия даврида туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳаракат қиляпмиз. Яқин қишлоқлардаги эҳтиёжманд оилаларнинг яқин 50 нафар аъзоларини ишга олдик. Бизда ишчилар учун барча шароитлар етарли. Ишга бориб-келиш учун транспорт, бепул тушлик ташкил қилинган. Айни пайтда ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш мақсадидамиз. Қурилишларимиз якунига етса, яна мингта иш ўрни яратилади», – дейди корхона раҳбари Одилжон Файзиев.

Корхонадаги иш жараёни билан танишиш асносида ишчи қизлар билан суҳбатлашдик. Чевар қиз Саидахон Ҳакимова Қурама қишлоғидан экан. «Бир йилдан бери ишлайман. Шароит ва маош мени қониқтиради», дейди у.

Сўнг пахта толаси ишлаб чиқарувчи «FT TEXTIL» корхонасида бўлдик. Мазкур саноат субъекти ҳам пандемия пайтида маҳаллий аҳоли вакилларини иш ва даромад билан таъминламоқда.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид