Ўзбекистон | 18:49 / 08.08.2024
4938
2 дақиқада ўқилади

Мингбулоқ туманига янги ҳоким тайинланди

Аҳрор Мансуров бунгача Тўрақўрғон туманига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

7 август куни халқ депутатлари Мингбулоқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди.

Сессияда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди. 

Вилоят раҳбари кейинги йилларда Мингбулоқ туманида олиб борилган ишлар, эришилган ютуқлар баробарида, ислоҳотларни амалга оширишда йўл қўйилган хато ва камчиликларни соҳалар бўйича бирма-бир таҳлил қилди.      

Депутатлар Наманган вилояти ҳокимининг Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Нурмаматович Худойбердиевни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорини бир овоздан маъқуллади. 

«Сессияда ҳудудни ривожлантириш, одамларнинг бугунидан рози бўлиб яшашларига эришиш учун амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Бу ишларни амалга ошириш учун туманга янги ҳоким зарурлиги таъкидланди. 

Депутатлар Наманган вилояти ҳокимининг Аҳрор Аҳмадалиевич Мансуровни Мингбулоқ тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорини бир овоздан тасдиқлаган.

Аҳрор Мансуров 1988 йилда Мингбулоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2013 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2013 йилда Мингбулоқ тумани давлат нотариал идораси нотариус ёрдамчилигидан бошлаган.

Шунингдек, Наманган вилояти адлия бошқармасида турли вазифаларда, вилоят ҳокимлигининг ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси, гуруҳ раҳбари, Президент администрацияси етакчи инспектори, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи вазифаларида фаолият юритган.

  • Аҳрор Мансуров 2022 йил мартида вилоят ҳокими ўринбосарлигидан Тўрақўрғон тумани ҳокимлигига ўтказилганди.
  • Мингбулоқ туманига 2019 йил мартидан буён раҳбарлик қилиб келган Нуршод Худойбердиев 2024 йил июлида президент раислигидаги йиғилишда лавозимидан озод этилганди.

Мавзуга оид