Жамият | 17:55 / 12.08.2020
2817
3 дақиқада ўқилади

2020 йилнинг ярим йиллигида тарафлар ярашгани муносабати билан 3535 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди – Олий суд

АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони ижроси муҳокама қилинди.

Тадбирда сўз олган Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов мазкур фармоннинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ва амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди.

«2020 йил 3 август ҳолатига 415 нафар шахс оқланди. 2017 йилдан шу кунга қадар бу рақам 2400га яқинни ташкил қилди. Далиллар мақбуллиги масаласига кенг йўл очилганидан кейин судлар, дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган 9 мингдан ортиқ айбловлар чиқариб ташлангани суд тизимида ижобий ўзгаришлар бўлаётганини кўрсатади.

Фуқароларнинг судларга бўлган ишончи ортяпти. 2017 йилгача Олий судга келиб тушган мурожаатлар сони жуда оз бўлган. Бугунги кунда 2017 йилга қадар судланган, лекин суддан адолат кутиш умидини йўқотган фуқаролар ҳам бўлаётган ўзгаришларни кўриб, Олий судга бўлаётган мурожаатлар ортяпти», деди Икром Муслимов.

Олий суд раиси ўринбосари яраштирув институти ҳақида гапириб, фармоннинг аҳамиятли жиҳатидан бирига тўхталди.

«2001 йилда Ўзбекистонда ярашув институти жорий қилинганди. Бу институтни киритишда олимлар, амалиётчилар ўртасида катта муҳокамалар бўлган. Орадан 20 йил вақт ўтиб, бу институт ўз самарасини бераётганини кўришимиз мумкин. Хусусан, шу йилнинг ярим йиллигида судлар томонидан 3535 нафар шахс тарафлар ярашгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинди.

2001 йилда амалиётга киритилган яраштирув институтининг талабига асосан тарафлар фақат биринчи инстанция суди жараёнида ярашиши мумкин эди ва бунга алоҳида талаблар қўйилганди: жабрланувчи билан ярашганлиги, жиноятни фош қилишда фаол қатнашганлиги, муқаддам судланмаганлиги каби талаблар мавжуд эди, ҳамда биринчи инстанция судида ярашиши керак эди.

Мазкур фармоннинг энг аҳамиятли жиҳатидан бири – бундан буёғига биринчи инстанцияда кўрилаётган вақтда ярашиш имконияти бўлмаса, қўйилган талаб бажарилмаса, бу талаб апелляция инстанциясида бартараф қилинадиган бўлса, тарафлар ярашиши мумкин», дея Икром Муслимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид