Жаҳон | 08:41 / 12.08.2020
4522
3 дақиқада ўқилади

Адвокат бўлишни истаганлар учун белгиланган талаблардан бири бекор қилиниши мумкин 

Шунингдек, адвокатуранинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш таклиф этилмоқда. 

2020 йил 11 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Адвокатлик фаолиятининг кафолатларини кучайтирилишига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Парламент сайтида ёзилишича, депутатлар ва давра суҳбати иштирокчилари эътиборига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2020 йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши қарорлари асосида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига адвокатлик фаолиятининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган тузатишларни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг дастлабки таҳрири тақдим этилди.

Таъкидланишича, лойиҳани тайёрлаш жараёнида нафақат миллий қонунчилик асослари, балки АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Туркия, Россия ва бошқа давлатларнинг ижобий тажрибаси ўрганилган.

Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлақонли амалга ошириш ва белгиланган мақсадларга эришишда адвокатуранинг институционал асослари ва фаолият принциплари замонавий талабларга жавоб беролмаяпти. Чунончи, адвокат процессуал мақомининг заифлиги, адвокатура институти обрўсига путур етказадиган ва адвокатлар ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқишига тўсқинлик қилаётган ҳолатларнинг мавжудлиги, мамлакатда адвокатлар сонининг етарли эмаслиги оқибатида малакали юридик ёрдам олишнинг чекланганлиги каби ҳолатлар сақланиб қолмоқда.

Таклиф этилаётган таҳрирда адвокат мустақиллигига таъсир этмайдиган ва манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармайдиган ҳақ тўланадиган бошқа фаолият тури билан шуғулланишига бўлган чекловни олиб ташлаш, адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш стажи бўлиши талабини бекор қилиш, шунингдек адвокатуранинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш таомилларини “ягона дарча” тартибида Давлат хизматлари маркази орқали ҳисобга олиш таклиф этилмоқда. 

Тадбирда депутатлар ва тадбир иштирокчилари лойиҳада таклиф этилаётган муҳим янгиликларнинг ҳуқуқий асосларини янада маромига етказиш, таклиф этилаётган нормаларни амалда қўллашнинг мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатларини таҳлил қилдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид