Жаҳон | 15:26 / 18.02.2026
3762
2 дақиқада ўқилади

Давлат байроғини намойиш этишда ягона талаблар жорий этилади

“Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат байроғидан фойдаланиш ва уни намойиш этиш тартибини янада аниқ белгилаш, барча ҳудудларда ягона талабларни жорий этишга қаратилган.

Фото: Kun.uz 

Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон давлат байроғи мамлакат суверенитети ва давлат рамзи сифатида барча жойларда белгиланган ягона қоидалар асосида намойиш этилиши лозим. Хусусан, байроқни дастасиз вертикал ҳолатда жойлаштириш тартиби аниқ белгилаб берилади.

Лойиҳада давлат байроғининг схематик ва рангли тасвири ҳамда уни дастасиз вертикал ҳолатда намойиш қилиш тасвири алоҳида тасдиқланиши назарда тутилган.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мажлислар залларида, дипломатик ваколатхоналарда ва хизмат хоналарида байроқни жойлаштириш қоидалари аниқлаштирилмоқда. Байроқ иштирокчиларга тўсиқсиз кўринадиган марказий ўринда туриши, матоси ерга тегмаслиги шартлиги белгиланади. Бир нечта байроқ намойиш этилганда эса давлат байроғи устувор равишда марказий ёки ўнг томонда жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Оммавий тадбирларда байроқни жойлаштириш ва олиб юриш тартиби ҳам белгиланмоқда. Хусусан, саф тортиш тартибида ўтадиган тадбирларда давлат байроғи сафнинг олд қисмида жойлаштирилади ва уни бошқа байроқлардан кейин олиб юриш тақиқланади.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, байроқни девор ёки бошқа конструкцияга вертикал ҳолатда намойиш этганда янги ой ва юлдузлар қисми юқори ўнг бурчакда жойлашиши, байроқ матоси ерга тегмаслиги лозим. Байроқни тескари ёки эстетик кўринишини бузувчи ҳолатда намойиш қилиш, устига буюм қўйиш ёки ҳурматсиз муносабат билдириш тақиқланади.

Шу билан бирга, давлат ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган шахслар, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳолларда давлат байроғини тобут устига ёпиш тартиби ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Қонун лойиҳаси давлат рамзларидан фойдаланишда ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш, миллий бирликни мустаҳкамлаш ва давлат рамзларига ҳурматни янада оширишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид