08:56 / 12.08.2020
29887

Лукашенконинг Қирғизистон собиқ бош вазири билан бирга кўриниш бергани Бишкек норозилигига сабаб бўлди

Фото: belta.by

Бишкек Беларусь президенти Александр Лукашенко ва Қирғизистоннинг қидирувдаги бўлган собиқ бош вазири Дониёр Усеновнинг омма олдида бирга пайдо бўлиши юзасидан Минскдан тушунтириш беришни талаб қилди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигида kaktus.media нашрига маълум қилинди.

Шу муносабат билан 11 августда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигига Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси вакили чақиртирилган. 

Таъкидланишича, Беларусь вакили билан учрашув вақтида қирғиз томони 10 августда Беларусдаги давлат корхонасида халқаро қидирувда бўлган ва Қирғизистон суд идоралари томонидан судланган Усеновнинг пайдо бўлиши бўйича тушунтириш талаб қилган. Бундай ҳаракатлар Қирғизистон ва Беларусь ўртасидаги дўстона муносабатларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни қуришга путур етказиши таъкидлаб ўтилган. 

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги тегишли нота бериб, Беларусь томонини Усеновни ва Беларусда қолаётган бошқа шахсларни қўлга олиш ва Қирғизистонга экстрадиция қилиш бўйича зудлик билан чоралар кўришга чақирган. 

Аввалроқ Беларусь ОАВда Лукашенко 10 августда бизнесмен Даниил Урицкий раҳбарлик қилувчи “Беларусь миллий биотехнологик корпорацияси”га ташриф буюргани маълум қилинган. 

Қирғизистонда Дониёр Усенов Беларусда Даниил Урицкий исмли шахс номига паспорт олгани таъкидланиб келинади.  

Усенов Қирғизистонни 2010 йил апрелидаги инқилобдан кейин тарк этган ва ватанида умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган. Урицкий ва Усенов ўртасидаги яққол ўхшашлик борлигига қарамай, Урицкий Қирғизистоннинг собиқ бош вазири эканининг аниқ исботи йўқ. Унинг ўзи эса 2018 йилда Беларусь ОАВга берган интервьюсида буни рад этган.  

2018 йилда Бишкек Беларусга Усенов-Урицкийнинг экстрадиция қилиниши илтимоси билан мурожаат қилган, бироқ рад жавобини олган.

Усенов 2009 йил октябрда Қирғизистон бош вазири этиб тайинланган. 2010 йил 7 апрелда мамлакатдаги оммавий норозиликлар сабабли истеъфога чиққан. Шундан кейин матбуотда у Британияга қочгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган.

Усенов Қирғизистонда хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш ва ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган. 

Мавзу
Беларус-2020
2020 йилнинг 9 августида Беларусда президентлик сайловлари ўтказилади. 26 йилдан буён мамлакатни бошқараётган Лукашенко бу сафар ҳам номзодини қўйган.
Барчаси
Top