Жамият | 17:59 / 12.08.2020
6610
4 дақиқада ўқилади

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатга қандай зарурат бор?

Бугун, 12 август куни «Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида Самарқанд форуми онлайн шаклда ўз ишини олиб бормоқда. Форумда Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси муҳокама қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов мазкур конвенцияга зарурат, уни ишлаб чиқиш жараёни ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли бўлиб, бу таклиф Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.

«Бу конвенция нега керак? 18 ёшгача бўлганлар, қариялар, аёллар, ногиронлар ҳуқуқларини ифода этувчи халқаро ҳужжатлар бор. Аммо аҳолининг энг тез ўсиб бораётган, энг катта қисмини ташкил қилаётган қатлам – ёшлар ҳақида халқаро ҳужжат йўқ. Биринчи навбатда мана шу эҳтиёждан келиб чиқилди.

Конвенция лойиҳасини ишлаб чиқишда ишчи гуруҳга давлат органлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари жалб қилинди.

Конвенция лойиҳасини ишлаб чиқишда учта манбага таянилди:

Биринчи манба – 50дан ортиқ давлатларнинг ёшларга оид қабул қилинган қонунлари. Таъкидлаб ўтиш жоизки, айни вақтда ёшлар ҳуқуқларини тартибга солиш халқаро ва минтақавий даражадан кўра миллий даражада яхшироқ амалга оширилмоқда.

Иккинчи манба – турли минтақалар доирасида ёшлар мавзуларига тегишли қабул қилинган 20дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар.

Учинчи манба – универсал характердаги халқаро ҳужжатлар. БМТ ва унинг ҳузуридаги турли тузилмалар – ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Парламентлараро иттифоқнинг 30дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.

Конвенция лойиҳаси икки йил давомида миллий, минтақавий ва халқаро даражада турли муҳокамалардан ўтказилди», деди Акмал Саидов.

Шунингдек, конвенция лойиҳасини ишлаб чиқишда дуч келинган асосий муаммога тўхталиб ўтилди.

«Айнан кимларни ёшлар деб ҳисоблаш кераклиги конвенция лойиҳасини ишлаб чиқишда пайдо бўлган энг катта муаммодир. Чунки турли мамлакатларда ёш чегараси ҳар хил белгиланган. Биз лойиҳада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган аҳоли қатламини ёшлар сифатида эътироф этдик. Чунки 18 ёшгача бўлган аҳолининг ҳуқуқлари алоҳида ҳужжатда белгилаб қўйилган.

Дунё ёшларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бир тизимга солиш, бу ҳуқуқларни яхлит тарзда ифодалаш учун ҳам бу конвенцияга зарурат бор. Конвенцияни ишлаб чиқиш жараёнига дунёнинг 2 миллиардга яқин ёшларини жалб қилиш, уларнинг ҳам миллий, ҳам минтақавий, ҳам халқаро даражадаги фаоллигини ошириш, ёшлар сиёсати масаласида давлатларнинг масъулиятини ошириш лозим.

Конвенцияни қабул қилиш жараёни осон кечмайди, бу борада барча давлатлар ўз кучларини бирлаштириши керак бўлади», дея Миллий марказ раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Форум давомида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси халқаро экспертлар томонидан муҳокама қилинди, тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан таклифлар билдирилди.

Маълумот учун, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси билан Самарқанд форумининг расмий саҳифасида танишиб чиқиш мумкин. 

Мавзуга оид