Ўзбекистон вакили тарихда биринчи марта Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайланди
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик Акмал Саидов 2025-2028 йилларга мўлжалланган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди. БМТнинг мазкур органига Ўзбекистондан биринчи марта вакил сайланди.
29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ню-Йоркдаги штаб-квартирасида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси доирасида Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2025-2028 йиллар учун 9 нафар аъзосини сайлаш бўйича сайловлар бўлиб ўтди.
"Дунё" хабарига кўра, сайловда Ўзбекистон билан бирга 16 та давлат – Бурунди, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Испания, Камерун, Кот-д'Ивуар, Литва, Марокаш, Парагвай, Корея Республикаси, Шимолий Македония, Того, Хорватия, Эфиопия ва Жанубий Африка вакиллари 9 та ўрин учун кураш олиб борди.
Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистондан номзод, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик Акмал Саидов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо мамлакатлардан энг кўп овоз олди.
Мамлакат вакилининг ИҲҚга сайланиши тарихий воқеадир, чунки Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг ушбу асосий органига аъзо бўлди.
Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли конвенция органига сайланиши мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалар билан конструктив ҳамкорлик қилиш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этиш, қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш, шунингдек, бу борада илғор тажриба алмашиш имконини беради.
Инсон ҳуқуқлари қўмитаси – БМТнинг мустақил экспертлардан иборат органи бўлиб, аъзо давлатлар томонидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилишини мониторинг қилади. Ушбу пактга 173 та давлат аъзо. Ўзбекистон ушбу халқаро ҳужжатга 1995 йилда қўшилган. Қўмита фаолияти инсоннинг барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган.
Мавзуга оид
15:49
Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 68 нафар маҳкум тўғри келмоқда
21:12 / 17.10.2024
Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди — Акмал Саидов
18:53 / 11.10.2024
БМТ оиладаги зўравонликни тугатиш бўйича Ўзбекистон таклиф этган резолюцияни қўллаб-қувватлади
17:40 / 23.09.2024