Жамият | 13:18 / 15.08.2020
30630
7 дақиқада ўқилади

Айдар-Арнасойдаги балиқчилар муаммоси: ким ёлғон гапиряпти?

Пандемия даврида қийин аҳволда қолган Арнасойдаги балиқчилар иш самарадорлиги тушиб кетаётганидан норози бўляпти. Уларнинг айтишича, бунга ҳукумат белгилаган тартиб сабаб бўлган.

Айдар-Арнасой кўллар тизими – Айдаркўл, Тузкон ва Шарқий Арнасой кўлларини ўз ичига оладиган турғун кўллардан иборат. Қизилқум чўлининг шарқида, Чордара сув омборининг жануби-ғарбида жойлашган.

Кўллар тизимини «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» ДУК бошқаради. Бош прокуратура тузилмасида махсус ташкил этилган бошқарма тизимни ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат қилади, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тузилмасида ташкил этилган тегишли бўлим эса тизим ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашади.

Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллаган балиқчилар ва тадбиркорлар айнан мана шу кўллардан ижарага жой олиб, балиқчилик билан шуғулланишади. Уларни қийнаб келаётган масала эса бир турдаги балиқ тўридан фойдаланишга тақиқ қўйилгани экан.

Мурожаатни ўрганиш давомида балиқчиларнинг шикояти, вилоят экология бошқармаси вакилларининг жавоби ҳамда дирекция раҳбариятининг изоҳи ўзаро зид келаётганига гувоҳ бўлдик.

«Ушбу масала бўйича уч марта мониторинг ташкил қилдик. Унда Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология бўлими ҳамда Экология бошқармаси ходимлари иштирок этди. Тегишли хулосалар қилинди. Балиқчиларнинг шикояти асосида мутасаддиларга мурожаатлар қилдик. Ҳозирча меъёрий ишлаб чиқилган ҳужжатлардан ташқари тартибга йўл қўйилмаслиги билдирилган жавоб хатлари олдик», — деди дирекция бошлиғи ўринбосари Илҳом Бекмирзаев.

Маҳаллий балиқчилар кўлдан ижарага ер олган тадбиркорлар билан ишлайди. Тадбиркорлар уларга иш қуроллари, уст-бош ва емак олиб келади. Ҳудудда тоза ичимлик сув ҳам бўлмагани туфайли, балиқчилар оилалари тадбиркорнинг ҳимматига қаттиқ боғланиб қолган. Тадбиркор эса ўз навбатида кўпроқ даромад қилсагина уларга моддий ёрдам кўрсатиши мумкин.

«Дирекция ташкил этилганда, тендерда қатнашиб, 2 минг гектардан ерни ижарага олдик. 2017 йилда 5,5 миллион сўм ижара тўлаган бўлсак, 2018 йили эса 58 миллион сўм ҳақ тўланди. Бундан ташқари, йилига 30 миллион сўмлик чавоқ (ёш балиқлар) сувга ташланди. Жорий йилда 50 миллион сўмга тенг чавоқ ташланиши талаб қилинди», — дейди тадбиркор Маҳбуба Ғуломова.

Тадбиркор Қобил Раҳимовнинг айтишича, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан ташқари, балиқчига қайиқ, тўр, ётоқ учун шароит тайёрлаб бериш ҳам катта маблағ талаб этади.

«Бу пулларни қаердан оламиз? Ўша ердан ишлаб топишимиз керак. Балиқчилар тутган балиққа қараб маош олади, биз ундан ортган пулдан даромад қиламиз. Йилдан йилга талаб ошяпти, шароит эса оғирлашяпти. Бизга керакли, балиқ тутиш учун қулай лескали тўрдан фойдаланишга тақиқ қўйилган», — дейди у.

Лескали тўрдан фойдаланишни тақиқловчи тартиб 2014 йили ҳукумат қарори билан белгиланган. Аммо ўтган 6 йил мобайнида маҳаллий мутасадди ташкилот вакиллари тадбиркор ва балиқчиларнинг бир маромда ишлаши учун йўл қўйиб бергани айтилди. 

«Улар бироз кўз юмиб турарди. Биз ҳам эҳтиёткорона ишлардик. Инспекция ва прокуратура ўз ишини қиляпти. Эътирозим йўқ. Аммо ишлаётган тадбиркорлар 42 нафар қолди, холос. Биз камайиб боряпмиз. Мониторинг ўтказишди. Рухсат этилган ипли тўрга балиқ тушмаяпти, биз истаган лескали тўрга тушяпти. Демак, лескали тўрга тақиқ қўйиш керакми?», — дея фикр билдирди тадбиркор Руслан Узоқов.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги тегишли қарори билан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лескали балиқ тутиш тўрларини сақлаш ва тайёрлаш тақиқланган. Ҳужжатга кўра, бу билан браконьерликка қарши кураш мақсад қилинган. Аммо Жиззах вилояти Экология бошқармаси вакилларига кўра, лескали тўрдан фойдаланмасликка бошқа сабаб туртки бўлган.

«Лескали тўрлар табиий шароитда 20-30 йилгача чиримайди, яъни фойдаланилган лескали тўрлар балиқчилик хўжаликлари ёки броконьерлар томонидан сувга ташлаб кетилганда, у сув остида чиримайди. Шу туфайли, балиқлар доимий равишда тўрга илиниб, нобуд бўлиши кузатилади», — дейди вилоят Экология бошқармаси вакили Толиб Норматов.

Ажабланарлиси, Экология бошқармаси вакиллари ушбу масалада дирекция томонидан балиқчилар шикоятига асосланган мурожаат келиб тушмаганини билдирди.

Масаладан асосий жабр кўраётган балиқчиларнинг яшаш пунктида бўлиб, улар билан мулоқотда бўлдик. Ҳақиқатан, оқар сув ҳам мавжуд бўлмаган шароитда яшаётган арнасойлик балиқчилар оилалари на томорқа, на экин билан деҳқончилик қилиш имкониятига эга. Мунтазам ичимлик суви таъминоти ва газ ҳам бўлмагандан кейин, одам шу шароитга ҳам кўниб яшаётганидан бадан сесканиб кетади. Уларнинг ёруғлик томони бирдан-бир йўли фақат балиқчилик ҳисобланади.

«Лескали тўрдан 30-40тасини тайёрлаб, балиқ овига чиқамиз. Ким шуни сувга ташлаб кетади? Балиқчи ипли тўрни ташлаб кетиши мумкин, чунки унинг нархи ҳам арзон, сифати ҳам паст. Лескали тўр учун ишлатиладиган хом-ашёнинг 1 килограмми 20 доллар атрофида нархланади. Бу қимматни ким ташлаб кетади?», — дейди балиқчилардан бири.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, инспекция ходимлари лескали тўр билан балиқ тутаётган балиқчини аниқласа, ҳар бир тутилган балиқ боши учун бир базавий ҳисоблаш миқдорида (223 минг сўм) жарима ёзмоқда. Балиқчининг қўлидаги 6-7 миллион сўмлик тўр эса ёқиб юборилади.

«Масалан, бир тўрдан 30 дона балиқ чиқса, 30 БҲМ (6 миллион 690 минг сўм) жарима ёзади. Баъзан балиқ кўп бўлгани учун, жарима икки баравар ҳам ёзилади», — дея қўшимча қилди балиқчи.

Ишсиз қолган аёлларнинг айтишича, бир неча марта ҳокимиятдан тикувчилик цехи ташкил қилиб бериш ё паррандачилик учун кредит беришни сўраб оммавий мурожаатлар қилинган. Ҳозирча ушбу сўровлардан ижобий натижа бўлмаган.

Қишлоқда 50дан ортиқ хўжалик, 300га яқин киши яшайди. Микрофонсиз гапирган балиқчилардан бири шу кунларда юз бераётган вазиятга алоҳида тўхталди. Унинг айтишича, жарима миқдори жуда баланд бўлгани, иқтисодий зиён кўпайиб, ипли тўрда иш қилиб бўлмаётгани учун инспекция ходимлари маълум бир «узр» пули эвазига лескали тўрдан фойдаланишга кўз юмади.

Биз бир мурожаатни ўрганиб, Тошкентга қайтдик. Юқорида айтганимиздек, ҳеч кимнинг гапи бир-бирига тушмади: дирекция мурожаат қиляпмиз, дейди, аммо Экология бошқармаси буни билмайди. Ҳужжатда броконьерликка қарши кураш учун лескали тўр тақиқда, лекин у сув остида чиримаслиги учун тақиқланган, дейишади. Балиқчилар эса уни ташлаб кетмаймиз, ўзлари тавсия этганни эса ташлаб кетамиз, дейди. Хуллас, битта қишлоқ, унинг ортидан Айдар-Арнасой балиқчилиги ва тадбиркорлар шундай «копток бўлаётган муаммо» билан яшаб келмоқда.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид