Тадбиркордан “тортиб олинган” кўл

2004 йилда “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон–Америка қўшма корхонаси тендерда Тўдакўл сув ҳавзасини 18 йил муддатга ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Кўлда балиқчилик тизимини яратиш айни шу йилдан бошланган: қўшма корхона катта харажатлар эвазига Тўдакўлда балиқчиликни ривожлантирган, 700 нафарга яқин иш ўрни яратган.

“Aqua-Tudakul” эгалик қилган даврда кўлга ҳар йили 125 тонна човоқ ташланиб, балиқлантириб борилган. Бунинг натижасида ички ва ташқи бозорга тонналаб балиқ етказиб берилган.

“Aqua-Tudakul” қўшма корхонасининг ижара муддати 2022 йилда тугаши керак эди. Аммо президентнинг 2017 йил май ойидаги тегишли қарори билан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил қилинади ҳамда табиий сув ҳавзалари уюшма балансига ўтказилади. Шу сабабли, “Ўзбекбалиқсаноат” Тўдакўлни ижарага бериш учун 2018 йил январ ойида қайта тендер ўтказган. 4 та фирма ўз таклифлари билан қатнашган тендерда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонаси яна ғолиб бўлади ҳамда 2018 йил 23 январда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан 10 йиллик шартнома имзолайди.

Бироқ кўп ўтмай кўл сохта ҳужжатлар асосида ўтказилган тендер орқали қўшма корхонадан “тортиб олинган”.

15 йиллик йирик корхонадан, 15 кунлик фирмага...

“Ўзбекбалиқсаноат” турли асослантирилмаган важлар билан 2018 йил 17 апрел куни уюшма ва қўшма корхона ўртасида тузилган шартномани бекор қилади. Май ойида эса қайта танлов ўтказади.

Тўдакўл сув ҳавзасини ижарага бериш учун ўтказилган қайта тендерда “Golden Lake Fish” МЧЖ ғолиб деб топилган. Очиқ манбаларга кўра, “Golden Lake Fish” МЧЖ тендер ўтказилишидан бор-йўғи 16 кун олдин, 2018 йил 7 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу эса МЧЖнинг балиқчилик соҳасидаги имкониятлари ва тажрибасини баҳолаш талабларига жавоб беришини жиддий шубҳа остига қўяди.

Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2022 йилнинг 15 август кунидаги ҳукмига кўра, “Golden Lake Fish” МЧЖ раҳбари Панжиқул Рўзиқулов тендерга қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб тақдим қилган ва ғолиб бўлган. Суд уни Жиноят кодексининг 192 ва 228-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топган. Бироқ у жазога тортиш муддати ўтиб кетганлиги учун жавобгарликдан озод этилган.