Трамп Huawei билан ҳамкорлик қилишга вақтинча рухсат берди
АҚШ президенти Дональд Трампнинг маъмурияти Пентагонга Huawei компанияси маҳсулотлари ва Хитойда ишлаб чиқарилган бошқа телекоммуникация ускуналаридан фойдаланишга рухсат берди.
Defense News хабарига кўра, вақтинчалик қоида 13 августдан 30 сентябргача амал қилади.
Бу вақт ичида коронавирус пандемияси оқибатларидан зарар кўрган мудофаа пудратчилари Хитой маҳсулотларининг ўрнини босадиган бошқа ускуналарни топиши шарт.
Шунингдек, қоида Huawei ва Хитойнинг бошқа компаниялари маҳсулотлари ўрнини босадиган ускуналарни излаб топиш учун кўпроқ вақт сўраган компанияларга ҳам тааллуқли. Нашрнинг таъкидлашича, бу мудофаа идораси пудратчиларига «вақтинча нафас ростлаб олиш» имкониятини беради.
Қайд қилиш жоизки, АҚШ президенти Дональд Трамп 2019 йил май ойида миллий ахборот-коммуникация тизимини хориждан келаётган хатарлардан ҳимоя қилиш мақсадида, маҳаллий компанияларга Huawei ускуналаридан фойдаланишни тақиқлаб қўйган эди.
Бу компания билан ҳамкорлик қилишни истаганлар учун АҚШ ҳукумати махсус лицензияни жорий қилди.
«Бу чоралар хорижликларга тегишли бўлган компанияларга Америка технологияларидан АҚШ миллий хавфсизлига хавф солиш имкониятини чеклайди», - деган эди савдо вазири Уилбур Росси.