Жаҳон | 21:45 / 16.08.2020
8243
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШдаги сайловларгача Путин билан учрашишни режалаштираётгани маълум қилинди 

Фото: РИА Новости / Илья Питалев

АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШда ноябрда ўтадиган президент сайловларигача Россия президенти Владимир Путин билан учрашмоқчилиги ҳақидаги ўз ёрдамчиларига маълум қилган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб NBC News телеканали хабар берди.

Маълум қилинишича, Трамп маъмуриятида АҚШ президенти Путин билан учрашиши мумкин бўлган жойлар ва саналар вариантлари кўриб чиқилган. Вариантлардан бирига кўра, Трамп ва Путин сентябрда Нью-Йоркда учрашиши мумкин. 

“Саммитдан кўзланган мақсадлардан бири икки етакчи АҚШ ва Россия ўртасида ядро қуролланиши устидан назорат ҳақидаги СНВ-3 шартномасини узайтириш бўйича музокараларда кейинги қадамлар режасини имзолашидан иборат”, деб маълум қилган манбалардан бири. 

Манбалардан бирининг фикрича, Оқ уй шу тарзда ўз сайловчиларига келишувлар туза олишини намойиш қилмоқчи.

“Бу шунчаки катта саҳна”, деб қўшимча қилган манба.

Венада 17-18 август кунлари Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков ва АҚШ президентининг қуролланишни назорат қилиш бўйича махсус вакили Маршалл Биллингсли ўртасида музокаралар бўлиб ўтади.

СНВ-3 Россия ва АҚШ ўртасида қуролланишни чеклаш ҳақидаги ягона амалдаги келишув ҳисобланади. Унинг муддати 2021 йил 5 февралда якунланади. Владимир Путин шартномани ҳеч қандай шартларсиз 5 йилга узайтиришни таклиф қилмоқда. АҚШ маъмурияти эса унга Хитойни қўшиш зарурлигини таъкидламоқда, бироқ Пекинда бунга қарши чиқилмоқда.

Мавзуга оид