Ўзбекистон | 00:28 / 18.08.2020
5753
4 дақиқада ўқилади

Нукусдаги COVID-19ни ташхислаш ва даволаш марказига ҳарбий шифокорлар ҳам жалб этилди

Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикасида тез тиббий ёрдам машиналарига бўлган эҳтиёж тўлиқ таъминланган ҳамда бу йўналишда 838 нафар шифокор ва 1091 нафар фельдшер фаолият олиб бормоқда.

COVID-19 инфекциясига гумон қилинаётган беморларни даволаш мақсадида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби базасида ташкил этилган вақтинчалик Ташхислаш-тақсимлаш ва даволаш маркази ўз ишини бошлади, деб хабар берди Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати.

Марказ фаолиятини ташкил этишда Мудофаа вазирлигининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Яъни ташкил этилган марказда 4 нафар ҳарбий шифокор ва ҳарбий тиббиёт муассасаларининг 4 нафар кичик тиббий персонали аҳоли саломатлигини сақлаш, пандемия билан курашишда малака алмашиш мақсадида хизматда бўлишади.

Марказнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Муратбай Жуманов сўзга чиқди.

“Бугунги кунда аҳолига узлуксиз тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда коронавирус билан касалланганларни даволаш сифатини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистонда 167 та тез ёрдам машинаси ҳамда COVID-19 касаллиги белгилари бўлган фуқароларни шифо масканларига етказиш учун Нукус шаҳрида 42 дона ва ҳар бир туманда ўртача 6-7 донадан республика бўйича жами 183 та мобил бригада ишлаб келмоқда”, деди у.

Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикасида тез тиббий ёрдам машиналарига бўлган эҳтиёж тўлиқ таъминланган ҳамда бу йўналишда 838 нафар шифокор ва 1091 нафар фельдшер фаолият олиб бормоқда.

Ташкил этилган вақтинчалик марказда жами 390 ўринли жойлар ташкил этилди. 

Касаллик аломатлари бор беморларни қабул қилиш жойида ультратовуш текширув аппарати (УЗИ), рентген аппарати, ЭКГ ва лаборатория хизмат кўрсатади. Беморларни ташхислаш ва даволаш учун барча зарур тиббиёт воситалари ва нафас олишни енгиллаштирувчи қурилмалар ўрнатилган. Юришга қийналган ва аҳволи оғир беморлар учун ногиронлик аравачалари ва тиббиёт замбиллари мавжуд.

Марказ фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида иш вақти 14 кунлик навбатчи сменада 12 соатдан этиб белгиланган. Унда жами 150 нафар малакали тиббиёт ходими фаолият кўрасатади. Шунингдек, тиббиёт муассасаси иш фаолиятини тўғри йўлга қўйиш ҳамда беморларни даволашда тасдиқланган усулларни қўллашни ўргатиш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтининг юқори тоифали мутахассислари ушбу жараёнларга жалб қилинган.

Тиббиёт муассасаси, ходимлар ва беморларнинг хавфсизлигини таъминлаш, пандемия тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда ҳудуд қўриқловини ташкил этиш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ томонидан вақтинчалик оператив штаб ташкил этилган бўлиб, унда кечаю кундуз навбатчилик йўлга қўйилган. Шунингдек, шифокорларнинг Тошкентдаги марказ билан маслаҳат ва тажриба алмашиш, беморларни даволашда консилиумлар ўтказиш мақсадида ҳарбий округ томонидан 24 соатлик онлайн видео-конференц-алоқа тизими жорий этилган.  

Тошкент тажрибасидан келиб чиқиб, Нукус шаҳридаги 3 та спорт объектида 1000 ўринли, Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманида 200-500 ўринли тақсимлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, улар бугунги кунда жами 5 200 ўринни ташкил этади.

Мавзуга оид