Cассиз кўчалардан ҳовуз кечаларигача: Уҳандаги ҳаёт нормал ҳолатга қандай қайтди?
Мингларча инсон ниқобсиз ва ижтимоий масофа сақламаган ҳолда ҳовузларда мусиқа жўрлигида ҳордиқ чиқаришмоқда. Албатта, бу 2020 йилда кўришга кўзимиз ўрганмаган манзара. Аммо ортда қолган ҳафта охирида коронавирус тарқалиши ўчоғи деб билинган Хитойнинг Уҳан шаҳрида шу ва шунга ўхшаш кўплаб ҳолатлар кузатилди.
Хитойдан ташқаридаги дунёда коронавирусга қарши қизғин кураш давом этар экан, Uhan Maya Beach Water Park (Уҳан Мая пляж сув парки)да олинган фотосуратлар ҳам вирус каби тез тарқалди.
Чекловлар 23 январь куни бошланганди
Уҳан шаҳрида коронавирус туфайли 17 кишининг вафот этиши ва 400дан ортиқ ҳолатлар қайд этилиши ортидан 23 январь куни комендантлик соатлари доирасида мисли кўрилмаган чоралар жорий этилганди.
Хитой маъмурияти ушбу санадан бир ҳафта олдин вируснинг одамдан одамга юқишини тасдиқлаганди.
Бир неча ой ичида минглаб одамлар тест қилиниб, карантинга олинди. 11 миллион аҳолига эга Уҳан шаҳри Хитойнинг қолган қисмларидан ажратилди.
Барча йирик оммавий йиғилишлар бекор қилинди ва аҳолидан кўчага чиқмаслик сўралди.
Январь ойида дунёда биринчи бўлиб карантин жорий этилган Уҳан бамисоли шарпалар шаҳрига айланганди.
Март ойига келиб, комендантлик чекловлари аста-секин ва босқичма-босқич юмшатила бошлади.
Ҳар бир хонадондан бир кишига максимал икки соат давомида кўчага чиқишга рухсат берилди.
Савдо марказлари қайтадан очилди. Жамоат транспорт ишлай бошлади. Одамлар аста-секин ташқарига чиқа бошлашди. Бироқ ижтимоий масофа сақлаш ва ниқоб тақиш билан боғлиқ қоидалар ҳали ҳам амалда эди.
Бироқ 12 май куни олтита янги ҳолати қайд этилиши ортидан шаҳардаги 11 миллион кишини бирданига тестдан ўтказишга қаратилган улкан режани амалга оширишга киришилди. Шундан сўнг тез орада эпидемия назоратга олинди.
Апрель ойидаги нормаллашиш жараёни
Комендантлик соатлари апрель ойида олиб ташланди ва май ойи ўрталаридан бошлаб Уҳан ва бу шаҳарни ўз ичига олган Хубэй провинциясида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилмади.
Никоҳ билан боғлиқ режалари ортга сурилган жуфтликлар тўйхоналарга ошиқишди.
Бироз вақт ўтгач, мактаблар ва корхоналар очилиб, жамоат транспорти ишга тушгач, ҳаёт нормал ҳолатга қайта бошлади.
Июнь ойида кўчаларга пештахталари ўрнатилган тунги бозорларни қайта очишга рухсат берилди.
Июль ойида эса Хитойнинг кўплаб қисмларида ҳаёт нормал ҳолатга қайта бошлади.
Аксар жойларда кинотеатрларни қайта очишга рухсат берилди.
Баъзи парклар, кутубхоналар ва музейлар ҳам ярим қувват билан фаолият юрита бошлади.
Катта йиғилишларга ҳам рухсат берилди.
Бугунги кунда Уҳанда ҳаёт нормал ҳолатга қайтгани кузатилмоқда.
Зотан, ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида HOHA Eleсtro мусиқа фестивалига ташриф буюрган одамларнинг суратлари ҳам буни тасдиқлайди.
Ташкилотчилар ташриф буюрувчиларни янада кўпроқ жалб қилиш учун ҳатто сайёҳ аёлларга чипталарни ярим нархда сотишди.
Maya сув парки жойлашган «Уҳан водийси» 25 июнь куни қайта очилди. Бош менежер ўринбосарининг сўзларига кўра, мазкур парк август ойидан бошлаб ташриф буюрувчиларни нисбатан кўпроқ жалб қила бошлаган. Масалан, дам олиш кунлари паркка 15 минг киши ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичнинг ярмига тенг.
Хитойдаги баъзи ижтимоий медиа фойдаланувчилари Уҳан шаҳрида бундай кенг кўламли тадбирни ўтказишга рухсат берилганидан ҳайратда эканликларини яширишмаяпти.
Уҳанда ҳали ҳам катта йиғинлар тақиқланмаган. Бироқ аквапаркдаги каби фаолиятларга рухсат олиниши керак.
Дунё бўйича вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони 22 миллиондан ошди
Дунёнинг бошқа нуқталарида коронавирус авж олишда давом этмоқда. Дунё бўйича ҳолатларнинг умумий сони 22 миллиондан ошди.
Вирусни муваффақиятли назорат қилган Янги Зеландия ва Жанубий Корея каби давлатлар ҳам янги тўлқинга дуч келишмоқда.
Шу боис бошқа давлатлар Хитойдаги каби гавжум кеча ва тантаналарга рухсат бериш учун вақт аталмиш довондан ишончли тарзда ўтиб олишлари керак бўлади.
Мавзуга оид
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023
ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда
23:06 / 16.01.2023