Жамият | 13:06 / 19.08.2020
2799
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида нисбатан хавфли - штаб аъзоси

Коронавирус ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида нисбатан хавфлироқ ҳисобланади. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева маълум қилди.

«Биринчи триместрда ҳар қандай вирусли инфекциядан асоратланиш хавфи юқори. Ҳомиладорликнинг кечки даврларида ҳомила шаклланиб бўлган бўлади ва хавф ҳам сезиларли камаяди», деди Наргиза Нуруллаева АОКАда ўтказилган брифингда.

Брифингда чекиш коронавирус инфекциясини юқтириш ва беморларнинг соғайиш жараёнига таъсир кўрсатиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.

«Чекиш ўпкага тузатиб бўлмайдиган зарар етказади ва ўпканинг ишлашини ёмонлаштиради. Йирик тадқиқотлардан бирида 100дан ортиқ коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморда чекиш ва COVID-19 ўртасидаги боғлиқлик ўрганилди.

Тадқиқотга кўра, чекувчиларда касаллик чекмайдиганларга нисбатан оғир даражада кечиши аниқланди, шунга мос равишда касалликдан соғайиш жараёни ҳам секин бўлади», деди штаб аъзоси.

Тадбирда болаларни коронавирус билан зарарланмасликлари учун қандай ҳимоя қилиш ҳақида маълумот берилди.

Биринчи навбатда ота-оналар болаларни коронавирусдан ҳимояланиш усулларига ўргатишлари, имкон даражасида болаларни жамоат жойларига олиб бормаслик кераклиги таъкидланди.

Бола вирус билан зарарланмаслиги учун боланинг яқинлари ва ўзи қуйидаги тавсияларга амал қилиши лозим:

  • ижтимоий масофани сақлаш;
  • мунтазам қўлларни ювиш;
  • антисептик воситалардан фойдаланиш;
  • кўчада юзга қўл билан тегмаслик;
  • ниқоб ва имкон даражасида қўлқопдан фойдаланиш.

«Ёш болаларга ифлосланган қўллар инфекция ёки касаллик манбайи бўлиши мумкинлиги, ифлосланган қўллар билан бурунга тегиш, кўзларни ишқалаш, қўлни оғизга солиш асло мумкин эмаслигини тушунтириш лозим», деди Наргиза Нуруллаева.

Бундан ташқари, пандемия даврида вирусни юқтириш йўлларини ҳисобга олган ҳолда уй шароитида эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар айтиб ўтилди.

Вирусдан зарарланишни олдини олиш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

  • буюмларни, айниқса хом гўшт ва балиқ маҳсулотлари сақланган идишларни тозалаб ювиш;
  • қўлларни доимий ювиш;
  • хом гўшт ва балиқ маҳсулотлари, тайёр овқатлар кесиш учун алоҳида тахтачалардан фойдаланиш;
  • мунтазам чангларни артиш;
  • буюмлар юзаларини дезинфекция қилиш.
Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид