Ўзбекистон | 16:06 / 20.08.2020
20228
3 дақиқада ўқилади

Репортаж: Талабалар шаҳарчаси, «Пахтакор» стадиони ва Ботаника боғи тестларга тайёрланмоқда

Тест синовлари куни ёмғир ёғиб қолиши эҳтимоли ҳам ҳисобга олингани, ҳудудлар камералар билан таъминланиши маълум қилинди.

Жорий йилги кириш имтиҳонлари очиқ стадионларда ва хиёбонларда 2 сентябрдан бошлаб 2 ҳафта давом этади.

Республика бўйича 40та стадион ва хиёбон тест синовларини ўтказиш учун белгиланган. Ўтган йилги синовлардан фарқли равишда, бу йилги имтиҳонлар ўтказилаётган ҳудудларда ота-оналар учун алоҳида кутиш жойлари ташкил этилмайди.

Айни пайтда белгиланган ҳудудларда тестга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Kun.uz мухбири Тошкент шаҳрида белгиланган ҳудудларда олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан абитуриентларни таништириш мақсадида репортаж тайёрлади.

Одатда, талабалар билан гавжум бўладиган Талабалар шаҳарчаси хиёбони кириш имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудуд сифатида белгиланган. Ҳозир бу ерда синов учун парталарни жойлаштириш, видеокузатув қурилмалари учун электр симларини тортиш ишлари олиб борилмоқда.

Олмазор тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳусниддин Мамадиев берган маълумотга кўра, Талабалар шаҳарчаси хиёбонида битта сменада 76 гуруҳда 2 280 нафар абитуриент тест топшириши мумкин бўлади.

«Тест ҳудудида абитуриентлар текширилиб, дезинфекцион йўлакдан ўтиб киришлари учун шароит қилинади. Парталар Давлат тест маркази мутахассислари иштирокида туман волонтёрлар гуруҳлари томонидан жойлаштирилмоқда.

Тест синовлари куни ёмғир ёғиб қолиши эҳтимоли ҳам ҳисобга олинган. Агар ёмғирли ҳаво кузатилиши эҳтимоли пайдо бўлса, Олмазор тумани ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа ташқилотлар ҳамкорлигида имтиҳон ҳудудининг усти ёпилади», – деди Ҳусниддин Мамадиев.

Бундан ташқари, Олмазор туманида яна бир объект – Ғалаба боғи ҳудудидаги ёпиқ саҳна майдони ҳам тест учун мўжлалланган.

Туман ҳокими ўринбосари Ҳусниддин Мамадиевга кўра, бир сменада 480 нафар абитуриент тест топшириши кутилаётган бу объект айни пайтда тайёр ҳолга келтириб қўйилган.

Ботаника боғида эса бир сменада 720 нафар абитуриент тест топшириши мўлжалланмоқда.

«30 августгача ҳудудда барча тайёргарлик ишлари якунланади. Боғ очиқ жой бўлгани билан тест ўтказиладиган ҳудуд атрофи ўралади. Синовни назорат қилиш учун ўрнатиладиган камералардан ташқари Ботаника боғининг ҳам камералари ишлайди. Шунинг учун хавфсизлик жиҳатидан хавотир олиш керак эмас. Абитуриентлар фақат ўз билимига ишониб келишса, етарли», – дейди ДТМ бош мутахассиси Қодиржон Юсупов.

«Пахтакор» футбол клубида эса жами 2 520 нафар абитуриент тест топширади. Ҳозир бу ҳудудда ҳам парталарни жойлаштириш ишлари бажарилмоқда.

Шайхонтоҳур тумани Жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи Жамшид Aбдураимовнинг сўзларига кўра, парталар жойлаштириб бўлингач, стадионнинг ёруғлик ҳолати ҳам ўрганиб чиқилади. Агар ёруғлик тест ишлашга халақит берадиган бўлса, қўшимча чироқлар ўрнатилади.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид