Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги хизматлар бозорида ҳам монополия бор. Масъул вазирлик нега жим?
Бугунги кунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юритиб келинаётган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ягона реестрида 24 та юридик шахс 32 та йўналишда, шундан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича 6 та юридик шахс реестрга киритилган.
Ушбу соҳани тартибга солиш мақсадида 2017 йил 27 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорини янада ривожлантириш тўғрисида»ги 246-сонли қарори қабул қилинди. Қарор номига эътибор беринг: «Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорини янада ривожлантириш тўғрисида».
Гарчи, қарор номида «янада ривожлантириш» деган жарангдор сўзлардан фойдаланилган бўлса-да, ушбу қарор билан тасдиқланган Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисидаги Низомда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорини орқага тортадиган, таъбир жоиз бўлса, монополия тегирмонига сув қуяётган нормаларни учратиш мумкин.
Жумладан, Низомнинг 14-бандига кўра, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислик малака сертификатини олувчи номзодлар, давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари, касаба уюшмаси ташкилотларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказида малака оширишдан ўтишлари белгилаб қўйилган.
Ўз навбатида, Ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарори билан тасдиқланган Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисида низомнинг 19- ва 20-бандларига кўра, ягона реестрга киритиш учун меҳнат муҳофазаси соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатмоқчи бўлган аризачиларнинг Илмий марказга ҳаддан ошиқ кўп ҳужжатларни топшириши лозимлиги белгилаб қўйилган ва бу ҳам бюрократик тўсиқ ҳосил қилиши тайин.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Илмий марказ ўзи корхона ва ташкилотлар ходимларини меҳнат муҳофазаси йўналишида малака ошириш фаолиятини олиб бориш билан бир вақтда ходимларни ўқитиш билан шуғулланувчи ва ўзига рақобатчи ҳисобланадиган юридик шахслар ходимларига сертификат бериш билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Содда тил билан айтганда, Илмий марказ «ўзи еб турган нонини бошқалар билан ҳам бўлишиши» керак бўлади.
Ушбу соҳада кўрсатиладиган хизматлар учун қанча ҳақ тўланишига ойдинлик киритиш мақсадида ягона реестрига кирган ташкилотлардан бири билан боғландик. Маълум бўлишича, бир нафар ходимни малака ошириш бўйича ўқитганлик учун ўртача 500-600 минг сўм атрофида ҳақ олинаркан.
Энди республика бўйича минглаб шундай ходимлар малака ошириши лозимлигини инобатга олган ҳолда, холис фикр юритиб кўрайлик, шундай шароитда Илмий марказ ўзига рақобатчи бўладиган юридик шахслар ходимларига сертификат беришда беғараз иш тута оладими? Ушбу ҳолат соҳада манфаатлар тўқнашуви-ю носоғлом рақобатни вужудга келтириб, сертификат олишни янада қийинлаштириб, якунда коррупция ҳолатларини ҳам келтириб чиқармайдими?
Ваҳоланки, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига асосан, давлат бошқаруви органлари айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши тақиқланади.
Бугунги кунда бор-йўғи 6 та ташкилот меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш, малака ошириш бўйича фаолият юритиш ҳуқуқига эга, холос. Бутун республика учун бу йўналишда йўналишида атиги 6 та ташкилот камлик қилмайдими? Нима учун уларнинг сони кенгаймасдан қолмоқда?
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 мартдаги 241-сонли қарори билан тасдиқланган Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-бандига мувофиқ, нодавлат таълим муассасаларига лицензия бериш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади. Бундан келиб чиқадики, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш учун бир давлат ташкилотидан лицензия, бошқасидан сертификат олиш ҳамда реестрга кириш учун бир дунё ҳужжат тўплашдай қийин жараёнлардан ўтиш кераклиги ҳам ўз-ўзидан ушбу соҳадаги хизматлар бозоридаги рақобатни чеклашга хизмат қилади.
Шуларни инобатга олиб, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида таълим бериш фаолиятини амалга ошириш жараёнида барча субъектлар учун тенг шароитлар яратиш мақсадида Ҳукумат қарорига Илмий марказнинг монопол ҳуқуқларини ҳамда соҳадаги бюрократик тўсиқларни бекор қилувчи тегишли ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бу – мазкур йўналишдаги нодавлат таълим соҳасида рақобат муҳити ривожланишига, янги ташкил этиладиган нодавлат таълим ташкилотлари сони ортишига ва бутун республика ҳудудидаги ходимларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича билимлари ошишига ҳам хизмат қилган бўларди.
Маълум бўлишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур ҳолатларни бартараф этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси ва соҳа бўйича масъул бўлган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига шу йилнинг феврал ойидаёқ аниқ таклифлар киритган. Аммо орадан 7 ой ўтибдики, негадир Қўмитанинг таклифлари ҳамон эътиборсиз қолиб кетмоқда.
Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси ҳам Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилиб, Ягона реестрни шакллантирувчи ваколатли орган ҳамда ушбу соҳада пуллик хизматларни кўрсатиши мумкин бўлган Илмий марказ бир тизимга кирувчи субъектлар экани, бу ўз навбатида Илмий марказни бошқа нодавлат таълим муассасаларига нисбатан афзал ҳолатга қўйиши ва бу амалиётда муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлаб, бу муаммоларни бартараф этишга чақирган.
Шу ўринда, Адлия вазирлигининг қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий нуқсонларни, коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга шарт-шароит яратувчи, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлашига оид функцияси мавжудлигини эсга олишни лозим топдик.
Масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа масъул идораларнинг муносабатини кутиб қоламиз.
Аббос Салайдинов,
ҳуқуқшунос
Мавзуга оид
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
08:08 / 07.11.2024
Монополияга қарши орган розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этилган 4 та ҳолат аниқланди
14:06 / 26.10.2024