Қизил, сариқ, яшил дори: булғор қалампирининг фойдалари
Ранг-баранглиги билан кўзни қувонтирувчи булғор қалампири салат-у таомларни безамаган хонадон топилмаса керак. Мазкур сабзавот нафақат чиройли ранги ва хуш таъми, балки фойдаси билан ҳам эътиборга молик.
Фойдали хусусиятлари:
- Булғор қалампири қон томирларини мустаҳкамлайди, ортиқча холестеринни йўқотади.
- С витаминига бойлиги нуқтаи назаридан сабзавотлар орасида етакчи ҳисобланади. Айниқса, сабзавотнинг қалпоқчаси атрофида бу витамин жуда сероб.
- С витамини (аскорбин кислота) ҳужайраларни ёшартиради, капилляр томирларни мустаҳкамлайди, тромбоз эҳтимолини камайтиради.
- Маҳсулот таркибидаги В, РР и А витаминлари умумий иммунитетни яхшилайди. Улар организмдаги эркин радикалларни нейтраллаштиради, бу эса онкологик касалликлар профилактикасида муҳимдир.
- Сабзавот таркибида ноёб модда – ликопин бўлиб, у юрак касалликларидан ҳимоялайди, хавфли ўсмаларнинг ривожланишига йўл қўймайди.
- Булғор қалампири ички органларни тромблардан, патологик ўзгаришлардан ҳимоялайди. Шу боис сурункали касаллиги борларга тавсия этилади.
- Булғор қалампирининг мағзи билан милкларни ишқалаш уларнинг қонашини тўхтатади, оғиз бўшлиғи касалликларини даволайди.
- Булғор қалампири 90 фоиз сувдан иборат бўлгани боис парҳезбоп саналади. 100 грамм маҳсулот 27 килокалория сақлайди.
- Булғор қалампири овқат ҳазм қилиш тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Овыатланишдан аввал бир дона булғор қалампирини ўз ҳолича истеъмол қилиш овқатнинг тез ва енгил ҳазм бўлишига ёрдам беради.
- Тери, соч ва тирноқлар саломатлигида ҳам ижобий роль ўйнайди.
Булғор қалампири ва аёллар саломатлиги
Булғор қалампири аёллар саломатлигида беминнат ёрдамчидир. Ҳомиладорлик даврида сабзавотни пиширилмаган ҳолатда кунлик равишда истеъмол қилиш ҳомила ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Калий, магний, фосфор, мис, натрий, рух, марганец, селен моддаларига бўлган кунлик эҳтиёжни қондиради.
Фақат ҳомиладорликда булғор қалампири истеъмолида меъёрни унутмаслик лозим. Сабзавотни ортиқча тановул қилиш кўнгил айниши, кекиришга олиб келади. Соғлом одам учун булғор қалампирининг кунлик меъёри – 1 дона.
Унинг сиқиб чиқарилган сувидан юз учун косметик ниқоб сифатида фойдаланиш мумкин.
Ранглар жилоси
Булғор қалампирининг ранг-баранглиги кўзни қувнатади: қизил, яшил, сариқ. Сабзавот рангидан келиб чиққан ҳолда таркиби ҳам ўзгариб боради.
Яшил булғор қалампири
Фойдаси: хлороген кислотага бой бўлиб, канцероген (саратон тўқималарини ривожлантирувчи) моддалар зарарини кесади. Қон томирларида холестерин тиқинлари пайдо бўлишига йўл қўймайди.
Зарари: тезда очлик ҳиссини чақириши мумкин, шу боис парҳез тутаётган кишиларга кўп миқдорда тавсия қилинмайди.
Қизил булғор қалампири
Фойдаси: ликопин моддаси ва С витаминига бойлиги нуқтаи назаридан турдошларини ортда қолдиради. 100 грамм маҳсулот С витаминига бўлган кунлик эҳтиёжни 4 ҳисса қондиради.
Зарари: аллергияси бўлган, терисида тошмалар кузатилган, организмда аскорбин кислотанинг ошиб кетишига нисбатан қарши кўрсатмалар бўлган инсонларга тавсия этилмайди.
Сариқ булғор қалампири
Фойдаси: бошқа турдошларига қараганда калийга бойроқ саналади. Бу юрак-қон томир ва асаб тизими саломатлиги учун зарур модда ҳисобланади. Уйқусизликни енгади, хотирани мустаҳкамлайди.
Зарари: аллергия чақириши мумкин.
Қайси ҳолатларда мумкин эмас?
- Аллергик реакциялар;
- Гипервитаминоз;
- Гипертаъсирчанлик;
- Тромбофлебит.
Ошқозон-ичак шиллиқ қаватини таъсирлантириши мумкинлиги боис бу борада муаммоси бўлганлар булғор қалампири истеъмолида эҳтиёт бўлиши керак. У қон босимини туширади, шу сабабли сурункали равишда паст босим билан юрадиганларга тавсия қилинмайди. Сурункали жигар ва буйрак касалликлари бўлганлар ҳам булғор қалампири истеъмолида эҳтиёт бўлишлари керак.
Булғор қалампирини пиширмаган ҳолатда истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Шунда унинг таркибидаги фойдали моддалар бутунлиги сақланади. Термик ишлов берилгандан сўнг маҳсулотнинг фойдаси 70 фоизга камаяди.
Аммо сабзавотни сархил ҳолатда топиш қийин бўлган совуқ мавсум учун консерваланган варианти ҳам мақсадга мувофиқ.
Уруғи ҳам фойдали
Булғор қалампирининг уруғи ҳам фойдага бой. Уруғини қалпоқчасидан ажратиб олиб, қуритиб, ҳовончада туйиб таомларга зиравор сифатида қўшиш мумкин.
Мавзуга оид
15:46 / 14.11.2024
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:19 / 13.11.2024
Уларни ҳар куни ютамиз: ҳавони ифлослантирувчи 10 та энг зарарли модда
12:53 / 10.11.2024
Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди
17:59 / 08.11.2024