“Энг хавфсиз парвоз танланади” — Uzbekistan Airways осмондаги фавқулодда ҳолатларга тайёрми?
Тошкентдан Қозонга учган Россия авиакомпаниясига тегишли самолёт Татаристон осмонидаги ҳаводан ҳужум туфайли қўна олмай, Самарага йўналтирилди. Маълум бўлишича, қўниш вақтида Украина дронлари Қозонга ҳужум уюштираётган бўлган.

Хўш, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” бундай вазиятларга тайёрми?
Рус авиакомпанияси Red Wings самолёти RWZ-1512 рақамли рейс билан Тошкентдан Қозонга учиб, қўнадиган вақтида Украинанинг бу шаҳарга ҳаводан ҳужумига тўғри келиб қолди. “Ковёр” режаси туфайли ҳаво кемаси манзилга қўна олмай, 80 километр масофада айланиб турган.
Тошкент вақти билан соат 10:25 да самолёт Самара томон йўл олиб, Курумоч халқаро аэропортига муваффақиятли қўнган.
Татаристон ҳукумати дрон ҳужуми 20 январга ўтар кечаси содир бўлганини тасдиқлади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида самолёт заводи ҳудудидаги бўш цистерна ёниб кетган. Россия Мудофаа вазирлиги эса бир кечада жами 31 та дрон уриб туширилганини маълум қилди. Қурбонлар ва жиддий зарарлар қайд этилмаган.
Ўзбекистондаги авиакомпаниялар бундай вазиятларга тайёрми?
Украина билан уруш давом этар экан, Россия осмони фуқаролик самолётлари учун ҳам хавфли бўлиб қолди. 25 декабр куни Озарбoйжон ҳаво йўлларига тегишли самолёт Бокудан Грознийга учиб, худди шундай ҳаводан ҳужум туфайли Оқтовга йўналтирилган ва авиаҳалокатга учраган эди.
Kun.uz “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ матбуот хизмати билан боғланаркан, авиакомпания бундай вазиятларга қанчалик тайёр ёки йўқлигини сўради. Айтилишича, Россия осмонидаги вазият ортидан авиакомпания ҳушёрликни оширган. Агарда самолётлардан бири худди шундай ҳаводан ҳужум ҳолатига дуч келса, ҳаво кемаси командири энг сўнгги маълумотлар асосида кейинги ҳаракатини аниқлаштиради.
“Ҳа, бу ҳолатларга ҳар бир авиакомпания учувчилари тайёр туришади. Ҳаво кемаси командири вазиятни баҳолаб, парвоз давомидаги энг сўнгги маълумотларни аниқлаштиради ҳамда шунга таянади. Сўнгра авиакомпаниянинг белгиланган қоидаларига мувофиқ энг хавфсиз парвозни таъминлаш учун ҳаракат қилади”, - дейди матбуот хизмати.
Мавзуга оид

23:17 / 22.05.2025
АҚШда енгил моторли самолёт ҳалокатга учради. Қурбонлар бор

17:17 / 14.05.2025
Трамп Қатар томонидан совға қилинадиган қаср-самолётни Пентагонга топширади

23:29 / 13.05.2025
Хитойда йўловчи тоза ҳаводан нафас олиш учун самолётнинг авариявий эшигини очиб юборди

23:57 / 09.05.2025