Ўзбекистон | 23:56 / 21.08.2020
7356
2 дақиқада ўқилади

Тест синовларининг стадионлар ва хиёбонларда ўтиш тартиби ҳақида маълумот берилди

21 август куни ДТМ расмийлари иштирокида навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, тест синовлари учун республика миқёсида 40та стадион ва хиёбонлар танлаб олинган. Уларда тайёргарлик ишлари кетмоқда: барча ҳудудларда зарурий жиҳозлар, талаб даражасидаги видеокузатув қурилмалари, шахсни идентификация қилиш ускуналари ўрнатилмоқда.

Тест ўтказиладиган объектлар 25 августгача тайёр ҳолга келтирилади.

Тест синовлари Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 12 кун, Фарғона вилоятида 10 кун ичида бўлиб ўтади.

Ҳар бир ҳудуд навбатчи тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланади. Бинога киришда абитуриентлар дезинфекциядан ўтказилади. Ҳарорат ўлчаниб, тиббий қўлқоп, ниқоб ва кепкалар берилади.

Абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган секторларга камида ярим соат олдин келиб ўз ўрнини эгаллаши керак.

Эрталабки сменада 6:30дан бошлаб абитуриентларни бинога киритиш бошланади, иккинчи сменада 15:30дан бошлаб секторларга киритиш ишлари бошланади.

Тест синовларига ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки паспорт нусхаси билан кириш мумкин эмас, имтиҳонга киришда паспорт бўлиши талаб этилади. Маълум қилинишича, ҳукуматнинг тегишли қарорларида шундай тартиб белгиланган.

«Имтиҳон пайтида шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Аввало, абитуриентлар шахсини идентификациялаш воситаларидан ўтгач, ҳудудга киритилиши жорий қилинади. Жараён видеокузатувда бўлади ва онлайн трансляция қилинади» – деди ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов.

Имтиҳон куни ёғингарчилик бўлса, шу кунги тест синовлари барча имтиҳонлар якунланганидан кейинга қолдирилади.

«Ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида тартиблар жорий қилинган. Тест синовларининг ўтказилишида шарт-шароитлар яратилиши бўйича алоҳида кўрсатмалар бор», – деди ДТМ бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров.

Абитуриент рухсатномасини 22 августдан бошлаб олиш мумкин бўлади. Шу кундан ДТМ сайтидаги ҳар бир абитуриентнинг шахсий кабинетида абитуриент рухсатномаси қўйилади. Абитуриентлар рўйхатдан ўтганда кўрсатган телефон рақамига бу ҳақда SMS-хабар юборилади.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид