Ўзбекистон | 00:16 / 22.08.2020
8825
4 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги коронавирусга чалинган беморларни даволашга жалб этилган тиббиёт ходимларига тўланадиган тўловлар бўйича изоҳ берди

Қайд этилишича, буйруқлар асосида ушбу ишга бириктирилган тиббиёт ва бошқа ходимларга махсус қўшимча рағбатлантириш тўловларини 14 кунлик иш сменаси бошланган кунда 40 фоизи миқдорида аванс пулини, 14 кунлик иш сменанинг охирги кунида ҳақиқатда фаолият кўрсатган кунларга мутаносиб равишда қолган қисмини тўлаб берилади.

«2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» президент фармонига асосан тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилинган.

Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 23 мартдаги 01/12-03-34/50-сонли ва 06-3/256-сонли қўшма кўрсатма хати юборилган бўлиб, ушбу хатга кўра тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларга ҳар кунлик қўшимча тўловлар ҳар беш кунда тўлаб берилиши маълум қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги 20 - сон йиғилиш баёнининг 1-иловаси билан тасдиқланган “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом”га асосан, соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармалари, Республика санитария-эпидемиологик осойишталик Агентлиги ва унинг ҳудудий марказлари, шунингдек, бўйсунувидаги ташкилотларнинг ҳамда тегишли ҳудудда жойлашган хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган ходимларининг рўйхатлари кесимида шакллантирилган табеллар уларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланган ҳолда тегишлилиги бўйича соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармаларига ҳар 5 кунда тақдим этиб борилади.

Шунга кўра, тиббиёт муассасалари ҳисобхоналари томонидан ходимларга қўшимча тўловлар ҳар беш кунда тўлаб борилиши сабабли, республика миқёсида олиб қаралганда, ушбу муддатларда тўловлар тўланган тақдирда ҳам, барча муассасалар томонидан қўшимча тўловларнинг тўлаб берилиши ҳар хил санага тўғри келади», дейилади Молия вазирлиги ахборот хизматининг хабарида.

Таъкидланишича, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун ходимлар турига қараб, 5-25 млн сўм миқдорида махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган.Ушбу қарорга асосан, махсус рағбатлантириш тўловлари ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 18 июлдаги 01-12-02-32/151-сонли ва 06-11/473-сонли қўшма кўрсатма хатига асосан коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган муассасалар ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториялари ССВ ва унинг ҳудудий бошқармалари буйруқлари асосида бириктирилган тиббиёт ва бошқа ходимларга махсус қўшимча рағбатлантириш тўловларини 14 кунлик иш сменаси бошланган кунда 40 фоизи миқдорида аванс пулини, 14 кунлик иш сменанинг охирги кунида ҳақиқатда фаолият кўрсатган кунларга мутаносиб равишда қолган қисмини тўлаб беради.

Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, республика миқёсида юқорида кўзда тутилган муассасаларда ишловчи ходимларнинг иш сменаси ҳар хил кунга тўғри келганлиги сабабли, тўловлар ҳам шунга мос равишда ҳар хил кунларга тўғри келади.

Молия вазирлиги юқоридаги рағбатлантирувчи тўловлар даромад солиғи ва ягона солиқ харажатлари билан қўшиб ҳисобланишини эслатиб ўтган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид