Америкалик собиқ ҳарбий хизматчи Россия фойдасига жосуслик қилишда айбланмоқда
Виржиния штати федерал прокуратураси АҚШ армиясининг махсус топшириқли кучларининг собиқ ҳарбий хизматчиси Питер Деббинсга Россия фойдасига жосуслик қилиш бўйича айблов эълон қилди. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, у ўз ихтиёри билан Россия ҳарбий разведкасига ёрдам кўрсатишга қарор қилган.
«Яшил беретлар» деб аталувчи махсус кучларнинг собиқ аъзоси жума куни Виржиния штатининг Гейнсвилл шаҳарчасидаги уйида қўлга олинган.
Айбловчи томоннинг тасдиқлашича, айни вақтда 45 ёшда бўлган Питер Рафаел Дзибински Деббинс ўз хизматини 1996 йилдаё Россия ҳарбий разведкасига таклиф этган ва ўзини «Россия фарзанди» деб ҳисоблаши ва унга хизмат қилишга тайёрлигини айтган.
«Деббинс Қўшма штатлар дунёда ҳаддан ташқари ортиқ даражада доминантлик қилмоқда ва буни чеклаш керак деб ҳисоблаган», дейилади прокуратура хабарида.
Айблов хулосасига кўра, Деббинс россияликлар билан 1996 йилдан, Миннесотадаги Университетда талаба бўлган вақтдан 2011 йилгача алоқада бўлган. Прокуратура маълумотига кўра, у 1997 йилда Россия фойдасига ишлашга розилигини тасдиқловчи ҳужжатни имзолаган, унга Икар Лешников номи берилган.
Аввалига Деббинс етказилаётган ахборотлар учун пул олишдан бош тортган, аммо кейинроқ маълум миқдорда ҳақ олишга рози бўлган. Бу маблағ миқдори аниқ келтирилмаган.
Айбланувчининг онаси собиқ совет иттифоқи ҳудудида туғилган, у ўзининг бўлажак рафиқасини Челябинскка сафар вақтида учратган. Улар 1997 йилда турмуш қуришган.
Армиядаги хизмат вақтида Деббинс аввалига махфий маълумотларга, кейинроқ мутлақо махфий маълумотларга кириш имконига эга бўлган.
1998 йилда Жанубий Кореядаги «яшил беретлар» кимёвий мудофаа бўлимига тайинланган, кейин Озарбойжон ва Грузияда хизмат қилган. Прокуратуранинг ҳисоблашича, у Россия томонига ушбу бўлинмалар ҳақида, шу жумладан зобитларнинг исм-шарифлари ҳақидаги маълумотларни, шунингдек уларнинг собиқ СССР республикалардаги фаолияти тўғрисидаги маълумотларни етказган.
2008 йилда у истеъфога чиққан, аммо яна бир неча йил давомида Россия ҳарбий разведкаси билан алоқани давом эттирган.
Деббинснинг ҳибсга олиниши бир ҳафта ичида АҚШдаги иккинчи жосуслик ҳолати бўйича ҳибс бўлди. Аввалроқ АҚШ адлия вазирлиги Ҳавайида Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Хитой фойдасига жосуслик қилишда айбланиб қўлга олинганини маълум қилганди.
Виржинияда собиқ «яшил берет» иши бўйича илк суд иши 24 август куни ўтказилади. Деббинс умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.
Мавзуга оид
10:03 / 08.11.2024
АҚШ фуқароси ГФРда ХХР фойдасига жосусликда айбланиб ушланди
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
13:50 / 10.10.2024
ГФР давлат хизматчилари ва инфратузилма ходимларини текширишни кучайтиради
00:21 / 27.09.2024