Қамчиқда учта юк машинаси иштирокида кетма-кет авария содир бўлди
Қамчиқ довонида кетма-кет авария содир бўлди.
ФВВ матбуот хизмати хабар беришича, йўл транспорт ҳодисаси 22 август куни Қамчиқ довонида, аниқроғи Тошкент—Ўш халқаро автомобиль йўлининг 247-километрида содир бўлган. Соат 16:00лар атрофида «МАЗ» русумли юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўртасидаги темир-бетон тўсиққа урилган.
Бу вақтда Isuzu русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси «МАЗ» юк автомашинасининг ортидан тўқнашмаслик учун автомобилни олиб қочмоқчи бўлган, аммо олд томонида ҳаракатланиб кетаётган бошқа юк автомобилига бориб урилган.
Бир неча дақиқадан сўнг ФВВнинг Қамчиқ махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бўлими ходимлари воқеа жойига етиб бориб, жабрланганларни автомобиллар ичидан чиқариб олган.
Жароҳатланган ҳайдовчиларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, Поп тумани шифохонасига юборилган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, уларнинг саломатлиги жойида.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 24 ёшли ҳайдовчи Lacetti’да юқори тезликда ҳаракатланиб дарахтга урилган ва воқеа жойида вафот этган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилишича, воқеа 2020 йил 21 август куни содир бўлган. 1996 йилда туғилган Б.Ў. Чирчиқ шаҳридаги Камолот кўчасида бошқарувида бўлган Lacetti’нинг тезлигини меъёридан оширган ва йўлнинг хавфли бурилиш қисмига етганда бошқарувни йўқотиб дарахтга урилган.
Оқибатда 24 ёшли йигит оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Автомобиль йўловчиси 24 ёшли Р.Ш. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.