Ўзбекистон | 15:47 / 24.08.2020
6203
3 дақиқада ўқилади

Биржада сотилган шакар, цемент ва бензин ҳажми очиқланди

Ўтган ҳафта давомида, яъни 17 – 23 август кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси"нинг барча савдо платформаларида 1 трлн сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 6,0 фоизга камдир. 

Сотувларнинг 86,6 фоизи - биржа савдолари, 4,6 фоизи - кўргазма-ярмарка савдолари, 8,1 фоизи - электрон давлат харидлари ва 0,6 фоизи - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 352,8 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг 21,5 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 958 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 6,5 млрд сўмни ташкил қилди. Савдолар натижасида битимларнинг 4,0 фоизи биринчи тоифадаги авторақамларга, 14,9 фоизи иккинчи, 26,4 фоизи учинчи, 11,6 фоизи тўртинчи, 17,9 фоизи бешинчи ва 25,2 фоизи олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 924,3 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйди.

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 1 393,0 тонна пахта ёғи қўйилди ва улардан 1 007,0 тоннаси, яъни 72,3 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 71 та харидор иштирок этди.

Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 13,8 млн сўмдан 11,4 млн сўмгача, яъни 17,0 фоизга пасайди. Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси 1,7 фоизга ўсиб, маҳсулотни бир тоннаси учун 11 млн сўмни ташкил этди.

Ҳафта давомида биржа савдоларига 3 130,0 тонна шакар қўйилди ва улардан 1 664,0 тоннаси, яъни 53,2 фоизи сотилди.

Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5,85 млн сўмдан 5,82 млн сўмгача, яъни 0,5 фоизга пасайди. Ўтказилган биржа савдолари натижасида шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи аввалги ҳафтага нисбатан деярли ўзгармади ва маҳсулотни бир тоннаси учун 5,83 млн сўмни ташкил этди.

Ҳафта давомида биржа савдоларига 215 025,0 тонна цемент қўйилди ва улардан 210 751,0 тоннаси, яъни 98,0 фоизи сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 42,1 минг тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча маркалари бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 789,4 минг сўмдан 736,6 минг сўмгача, яъни 6,7 фоизга пасайди.

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 63 680,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 16 669,1 тоннаси, яъни 26,2 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 37 харидор иштирок этди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг кунлик ўртача нархлари сезиларсиз ошиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5,03 млн сўмдан 5,04 млн сўмгача кўтарилди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси бензиннинг бир тоннаси учун 5,04 млн сўмни, АИ-91 бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси бензиннинг бир тоннаси учун 5,67 млн сўмни ташкил этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид